«Ўзгидромет» дам олиш кунлари қандай об-ҳаво кузатилишини маълум қилди
Сентябр ойининг биринчи ҳафтаси давомида сақланиб турган, ҳаво ҳарорати меъёрдан 2-5 даражага юқори бўлган иссиқ об-ҳаводан сўнг, Ўзбекистонга биринчи кузги совуқ кириб келди.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, 8 сентябрда республика шимолига антициклон кириб келиши бошланди, у Волгабўйи ҳудудларидан салқин ҳаво олиб келди. 9 сентябрда салқин ҳаво массаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудини қамраб олди, ҳарорат кечалари 14-17 даража илиққача, шимолда 8-13 даража илиққача, кундуз кунлари 27-32 даража иссиққача пасайди.
Бугун кундуз куни республика ҳудудига совуқ оқим кириб келиши давом этади ва кундуз кунги ҳарорат 24-27 даража иссиққача пасаяди ва ўртача кўп йиллик қийматлардан 2-4 даражага паст бўлади. Республиканинг катта қисмида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин, баланд тоғларда ёмғир қорга айланиши эҳтимоли бор. Айрим жойларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучайиши мумкин.
Шанба ва якшанба куни совуқ антициклон таъсири ҳисобига ҳарорат кечалари 12-15 даража илиққача пасаяди, кундуз кунлари эса аста-секин исийди ва якшанба куни ҳарорат 27-30 даража иссиққача кўтарилади.