Жамият | 12:29 / 13.09.2021
47921
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Малика» савдо мажмуаси олдида сотувчилар ўртасида пичоқбозлик юз бериши оқибатида бир киши вафот этди

Тошкент шаҳридаги «Малика» савдо мажмуаси яқинида пичоқбозлик содир бўлди. Натижада бир киши вафот этган, яна бир киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

12 сентябрь куни Тошкентдаги «Малика» савдо мажмуаси олдида пичоқбозлик бўлгани ҳақида видео тарқалди. Пойтахт ИИББ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, 12 сентябрь куни тахминан соат 12:00 ларда Шайхонтоҳур тумани КХАЙ ва Лабзак кўчалари кесишмаси ёнида жойлашган кафе олдида «Малика» савдо мажмуасида телефон савдоси билан шуғулланувчи бир неча фуқаролар ўртасида жанжал юзага келган.

Жанжал оқибатида 1977 йилда туғилган Т.Б. кўкрак қафаси соҳасида санчилиб кесилган жароҳатлари билан вафот этган. Шунингдек, 1988 йилда туғилган М.А. бир неча жойидан санчилиб кесилган жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига олиб борилган.

«Жиноятни содир этишда гумонланаётганларни аниқлаш, шунингдек жиноят гувоҳлари билан тергов ҳаракатларини амалга ошириш учун жанжалда иштирок этган барча шахслар ички ишлар бўлимига олиб борилган. Ушбу шахсларни ички ишлар бўлимига олиб бориш жараёни акс этган видео, шунингдек, воқеа жойини ўраб олиб, кўздан кечириш жараёни акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган»,  дейилади хабарда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид