Сўнгги йилларда «снос» сўзи Ўзбекистон аҳолиси ўртасида энг оммалашган сўзлардан бирига айланди. Тадбиркорлар-у фуқаролардан қайсидир маънода тортиб олинаётган мулк учун компенсация масаласи ҳамон муаммолигича қолмоқда.
Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчаси таъмирланиши доирасида пиёдалар йўлаги ҳамда велойўлак ташкил этилиши муносабати билан шу йўл юзида жойлашган бир нечта объектлар ҳам бузилиш арафасида. Объект эгалари ва маҳалла аҳли эса бундан норози бўлмоқда.

«Кўп йиллардан бери шу дўкон орқасидан кун кечирамиз. Шу йилнинг 27 август куни Юнусобод туман ҳокимиятидан одамлар келиб дўконимиз бузилишини, бу ердан йўлак ўтишини айтишди. Бу ҳақдаги ҳоким қарорини сўраганимизда, ҳозир бузаверишимизни, қарорни эса кейин кўрсатишларини, компенсация масаласи ҳам кейинроқ ҳал қилинишини маълум қилишди. Ўша куни кечга бориб ҳеч бир огоҳлантиришсиз дўкондан электр ҳисоблагични ечиб олиб кетишди. Оқибатда дўкондаги музқаймоқлар эриб кетиб, шу куннинг ўзида 6-7 млн атрофида зарар кўрдик.
Орадан бир ҳафта ўтиб ҳокимиятдан ўзини Акмал Қурбонов деб таништирган шахс қўлларида огоҳлантириш хати ва булдозер билан дўконни бузишга келди. Ёнимиздаги дўкон бузилди, маҳалла аҳли чиқиб қаршилик кўрсатганимиздан сўнг бизнинг дўкон бузилмай қолди. Шаҳримиз обод бўлишига қарши эмасмиз, аммо дўкон учун компенсация беришларини талаб қиламиз. Чунки бу дўкон учун қанча меҳнатимиз сингган, буларга кўп қийинчиликлар билан эришганмиз. Қарз кўтариб, ижарада яшаб, 40 минг долларга олганман», дейди дўкон эгаси Улуғбек Шукуров.

Маълум бўлишича, маҳалла аҳлига яқин ва қулай жойда жойлашгани учун дўкон бузилишига аҳоли вакиллари ҳам қаршилик кўрсатишган.
Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида шахсан Юнусобод туман хокими Жаҳонгир Иброҳимов билан боғланди. Бу бўйича барча ҳужжатлар ҳамда қарор мавжудлиги ва масъул шахслар томонидан тезда етказилиши ҳақида айтилди. Аммо орадан кўп ўтмай тегишли ҳоким қарори эмас, 11 сентябр санаси билан имзоланган маълумотнома тақдим этилди холос.

Маълумотномада «снос» бўлаётган ҳудуддаги ободонлаштириш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 мартдаги қарорига (!) асосан амалга оширилаётгани айтилади. Таассуфки, қонун ҳужжатлари миллий базаси (lex.uz)да айнан шу санада қабул қилинган ҳукумат қарорлари рўйхатида Тошкент шаҳрининг бирор кўчасини ободонлаштиришга оид қарорнинг ўзи йўқ.
















