Жаҳон | 09:34 / 16.09.2021
12139
2 дақиқада ўқилади

АҚШ, Британия ва Австралия AUKUS мудофаа альянсини ташкил этди

АҚШ президенти Жо Байден, Австралия ва Британия бош вазирлари Скотт Моррисон ва Борис Жонсон мудофаа соҳасида уч томонлама ҳамкорлик альянси – AUKUS ташкил этилишини эълон қилишди.

Фото: EPA/Vostock-photo

“Австралия, Британия ва АҚШ ҳамкорлиги – AUKUS аббревиатураси бироз ғалати янграса-да, бироқ бу яхши. Давлатларимиз ХХ асрдаги каби XXI асрда ҳам таҳдидларга қарши биргаликда курашиш қобилиятимизни янгилайди ва мустаҳкамлайди”, деб айтган янги альянс тақдимотида Байден.

“Ушбу ташаббус ҳар биримизни жадал ривожланаётган таҳдидлардан ҳимояланиш учун зарур бўлган энг замонавий имкониятлар билан таъминлашга қаратилган”, деб таъкидлаб ўтган АҚШ президенти.

Ўз навбатида, Австралия бош вазири “дунё борган сари, айниқса Ҳинд-Тинч океани минтақаси мураккаблашиб кетаётгани”ни айтган. Унинг таъкидлашича, “ушбу минтақа эҳтиёж сезаётган хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга ёрдам бериш учун ўзаро ҳамкорликни янги даражага кўтариш зарур”.

“AUKUS технологияларимиз, олимларимиз, саноатимиз, мудофаа кучларимиз пировард натижада ҳаммага фойда келтирадиган янада хавфсиз минтақани ташкил этиш учун ишлайдиган шерикликдир”, деб таъкидлаб ўтган Австралия бош вазири.

Томонлар Австралияни сувости кемалари билан таъминлаш янги ҳамкорликнинг биринчи ташаббуси бўлишини айтишган. Таъкидланишича, “бу Ҳинд-Тинч океани минтақасида барқарорликка ёрдам беради”.

“Биз ядро қуроли билан таъминланган сувости кемалари ҳақида гапирмаяпмиз. Гап оддий қурол билан таъминланган ядро реакторли сувости кемалари ҳақида бормоқда”, деб таъкидлаб ўтган Оқ уй раҳбари.

Шундай фикрни Австралия бош вазири ҳам билдирган. “Биз бу сувости кемаларини Аделаидада Британия ва АҚШ билан яқин ҳамкорликда қурмоқчимиз”, деб қўшимча қилган Моррисон.

Янги альянс тузилиши натижасида Австралия Франция билан сувости кемалари етказиш бўйича кўп миллиард долларлик шартномадан чиққан. Байден бунинг ортида Франция билан минтақада яқиндан ҳамкорлик қилинишига умид билдирган.

Мавзуга оид