Ўзбекистон | 07:22 / 16.09.2021
12594
3 дақиқада ўқилади

«Хорижга ўқишга кириб, Ўзбекистонга муаммосиз кўчир» – бундай эълонларга ишониш мумкинми?

ССВ Матбуот хизмати тиббий таълим йўналишига оид бир неча муҳим саволларга жавоб олиш мақсадида вазирликнинг фан ва таълим бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Маҳмудов билан суҳбат уюштирди.

– Чет элда тиббиёт йўналишида таълим олаётган талаба ўқишини юртимизда давом эттириши учун қандай талаблар мавжуд?

– 2021 йил 22 июндаги «2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ, 2021 йил 15 июлдан бошлаб талабалар ўқишини кўчириш тартиби белгиланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан «Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида низом» тасдиқланган.

Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг 2021 йил 2 августда 2021/2022 ўқув йилида тиббиёт олий таълим муассасаларига талабалар (клиник ординаторлар) ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш жараёнларини ташкиллаштириш ҳақида 183-сонли буйруғи қабул қилинган. Унга кўра, 2021/2022 ўқув йилида хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларидан тиббиёт олий таълим муассасаларига ўқишини кўчиришда тест синовлари бўйича ўтиш бали 100 балл этиб белгиланган. Ушбу баллдан кам балл тўплаган тиббиёт йўналишида таълим олаётган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

Жорий йил Давлат тест марказининг transfer.dtm.uz электрон тизими орқали Соғлиқни сақлаш вазирлигига ушбу масала бўйича 6 372 та ариза келиб тушди.

Тест натижаларига кўра: 100 балл ва ундан юқори балл тўплаган талабалар 545 нафарни, 99,9-56,7 балл тўплаганлар 2 853 нафарни, 56,6 ва ундан паст балл тўплаганлар эса 2 764 нафарни ташкил этди.

Ариза топширганларнинг 210 нафари эса турли сабабларга кўра синовларда иштирок этмаган.

– Кейинги вақтларда «Қўшни мамлакатда имтиҳонсиз талаба бўл, Ўзбекистонда 2-босқичдан муаммосиз ўқи», деган эълонларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Бу ҳақида сизнинг фикрингиз қандай?

– Бу каби эълонларда «муаммосиз», «ҳеч қандай қийинчиликларсиз» деган ибораларнинг ишлатилиши мамлакатимиз қонунчилигига кўра (Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси) тақиқланади. Қолаверса, хорижий ОТМларидан республикамиз олий таълим даргоҳларига ўқишни кўчириш муаммоларсиз эмас, балки махсус синов-имтиҳонлари асосида амалга оширилади.

Шу боис чет элда ўқиш истагида бўлган ёшлардан турли «ёрдам берувчи» тамагир ва фирибгарларнинг таклифларига алданиб қолмасликларига эътибор қаратишларини сўраган бўлардим.

Қолаверса, бугун бутун дунёда бўлгани каби юртимиз меҳнат бозорида сифатли кадрларга эътибор тобора ортиб бормоқда. Яъни эндиликда ўз устида ишламаган, салоҳияти юқори бўлмаган мутахассислар меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши қийин кечади. Шу боис чет элда таҳсил олишни истаган ёшларга, энг аввало, таълим сифати юқори бўлган олий ўқув юртларида ўқишларини тавсия бераман.

Мавзуга оид