Ўзбекистон | 18:03 / 17.09.2021
2135
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 31 нафар ўқувчида коронавирус аниқланиб, мактаб карантинга ёпилди. Аммо ССВ ҳисоботида улар кўрсатилмади

Қашқадарёда вилояти Яккабоғ туманида жойлашган мактаблардан бирида 31 нафар ўқувчида коронавирус аниқланган. Мактаб 15 сентябрь куни карантинга ёпилган. Бу ҳақда Туман давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг раҳбари Ориф Мейлиев Kun.uz’га хабар берди. Аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинадиган кунлик ҳисоботда улар кўрсатилмади.

Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Қатағон қишлоғида жойлашган 5-мактабнинг 31 нафар ўқувчисида коронавирус аниқланган.

Ориф Мейлиевнинг айтишича, Қатағон қишлоғида яшовчи оилалардан бирининг барча аъзоларида коронавирус аниқланган. Шу сабабли қишлоқ мактабида мазкур оила фарзандлари ўқийдиган синф ўқувчиларидан ҳам тестлар олинган. Текширишлар давомида тест олинган синфларнинг ҳар бирида 4-5 нафардан ўқувчи коронавирус юқтиргани маълум бўлган.

Шундан сўнг 5-мактабдаги барча ўқитувчи ва ўқувчилардан тестлар олинган. Текшириш давомида жами олтита синфда 31 нафар ўқувчида касаллик аниқланган. Ўқитувчилар аввалроқ вакцина олгани учун уларда коронавирус юқтириш ҳолати учрамаган.

«Касалликка чалиниш ҳолати янада кўпаймасин деб, 15 сентябрдан таълим жараёнлари тўхтатилди ва 29 сентябргача 5-мактаб икки ҳафталик карантинга ёпилди», дейди Ориф Мейлиев.

Яккабоғдаги 5-мактабда 31 нафар ўқувчида коронавирус аниқланиши ССВ ҳар куни эълон қилиб бораётган касалликка чалиниш ҳақидаги ҳиоботнинг тўғри олиб борилаётганига бироз шубҳа туғдиради.

Масалан, ССВ ҳисоботида Қашқадарёда 13 сентябрда 9 киши, 14 сентябрда 10 киши, 15 сентябрда 7 киши, 16 сентябрда 10 киши касалликка чалингани кўрсатилган. 15 сентябрь кунида Яккабоғда 31 нафар ўқувчи касалликка чалингани аниқлангани ва ўша кундан 5-мактаб карантинга ёпилганини инобатга олсак, ССВ томонидан 15 ёки 16 сентябрь кунларида берилган ҳисоботда Яккабоғда касалликка чалинган ўқувчилар киритилмагани ойдинлашади.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда мамлакат бўйлаб коронавирусга чалиниш ҳолатлари бироз кўпаймоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 13 сентябрь ҳолатига кўра 531 кишида, 14 сентябрь ҳолатига кўра 604 кишида, 15 сентябрь ҳолатига кўра 619 кишида, 16 сентябрь ҳолатига кўра 624 кишида касаллик аниқланганини маълум қилди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид