Ўзбекистон | 17:11 / 18.09.2021
11846
3 дақиқада ўқилади

«Баҳром Абдуҳалимов тажрибали олим, лекин уни ким танийди?» — Миллий тикланиш «Адолат»нинг айбловига жавоб берди

17 сентябрь куни МСКнинг навбатдаги матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбир якунида Kun.uz мухбири Миллий тикланиш партияси раиси ўринбосари Баҳодир Маматхоновдан «Адолат» СДПнинг «кўчирмакашлик» борасидаги айбловлари юзасидан изоҳ сўради.

Маълумот учун, аввалроқ «Адолат» социал-демократик партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов журналистларга берган интервьюсида «Миллий тикланиш» партияси уларнинг 3 та (судларни бирлаштириш, ЖИЭМ Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилиши, Тергов қўмитасини ташкил этиш – таҳр.) ташаббусини кўчириб олганини айтганди.

— Партиянгиз етакчиси ўз дастурини тайёрлашда ҳақиқатан ҳам кўчирмакашликка йўл қўйганмиди?

— Бу ерда кўчирмакашлик деган нарса йўқ. Алишер Қодиров бу масала бўйича ўз телеграм каналида ҳам муносабат билдирди. Буни партиялар ўртасидаги ҳамфикрлик деб қабул қилиш керак. Биз бу таклифларни 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида ҳам билдирган эдик.

Биз бу масалада чуқурлашмоқчи эмасмиз. Сабаби, сайловолди дастуримизни «Адолат» партиясидан аввалроқ тасдиқлаганмиз.

Бу парламент сайловлари эмас, бу президентлик сайлови. Бу жараёнда асосий эътиборни халқни ишонтириш, унинг олдига аниқ мақсадлар қўйишга қаратиш керак.

Ҳа, парламент сайловида бу каби ғоявий курашлар иш бериши мумкин, лекин президентлик сайловида эмас. Президентлик сайловида одамлар якка номзодга овоз беради.

Миллий тикланиш партияси раиси ўринбосари Баҳодир Маматхонов

Албатта, «Адолат» партияси кўрсатаётган номзод Баҳром Абдуҳалимов жуда бой тажрибага эга олим, жамоат арбоби. Бир муддат президент маслаҳатчиси сифатида ҳам ишлаган. Лекин бугун уни одамлар, халқ сиёсий жиҳатдан танийдими?

Баҳром Абдуҳалимов сайловлар олдидан мана шу жиҳатларга эътибор қаратиши керак. У ўз фикрлари билан мамлакатдаги турли ижтимоий, сиёсий жараёнларга ўз муносабатини бериш йўналишидан кетиши керак.

Алишер Қодировни эса кўпчилик халқ танийди. У ижтимоий фаол инсон. ОАВга очиқ, тезкор ва креатив. Шу нуқтайи назардан бу каби тортишувларга чек қўйиш керак.

Ҳозир сайловда шунчаки иштирок учун эмас, аниқ мақсад билан қатнашиш керак.

— Сизнингча, «Адолат» СДП сайловларга шунчаки иштирок учун киряптими?

— «Сайловда қатнашиш — бошга бахт қуши қўниши» деб уларнинг ўзи муносабат билдирди-ку. Демак «Адолат» сайловда қатнашишни бошига бахт қуши қўниши деб тушунаркан-да. Бизда эса аниқ мақсад бор. Ёндашувларимиз ўзгача.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид