09:12 / 09.09.2021
11133

Алишер Қодировнинг сайловолди дастуридаги 3 та ғоя “Адолат” партиясидан кўчирилгани айтилмоқда

Айни кунларда президентликка номзодлар Алишер Қодиров ва Баҳром Абдуҳалимов ўртасида баҳсли вазият юзага келган. Бу судларни бирлаштириш, жазони ижро этиш муассасалари Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилиши ва Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббуслари “Адолат” ва “Миллий тикланиш” партиялари раҳбарлари сайловолди дастурида бир хил шаклда экани билан боғлиқ.

“Адолат” социал-демократик партиясидан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов журналистларга берган интервьюсида “Миллий тикланиш” партияси уларнинг 3 та ташаббусини кўчириб олганини айтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири. Маълум қилинишича, партия сайтида бунга раддия ҳам берилган.

“Бу масала билан биз кўп йиллардан бери шуғулланамиз. “Миллий тикланиш” партияси биринчи чиқди ва эълон қилди, деган гап нотўғри. Сабаби бу 3 та ташаббус (судларни бирлаштириш, ЖИЭМ Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилиши, Тергов қўмитасини ташкил этиш – таҳр.) “Адолат” СДПнинг 2019 йилдаги дастурида бор.

Баҳром Абдуҳалимов

“Миллий тикланиш”нинг муносабатидан кейин биз масалани қайта ўргандик. Аниқланишича, бу масалалар “Адолат” дастурида ўша пайтда ҳам бўлган. Лекин “Миллий тикланиш”ники бу шаклда бўлмаган. Энди ҳозир сайтдагига ишора қилиняпти. Шу нуқтайи назардан биз чиқарган мақоламизни тўғри деб ҳисоблаймиз.

Ундан ташқари, агар шак-шубҳа бўлса, эксперт гуруҳини тузамиз. Мана журналистлар гувоҳлигида: ким ҳақ, ким ноҳақ эканини аниқлаб оламиз. Ёзган мақоламиздаги фактлардан орқага қайтмаймиз. Уни ёзаётган давримизда ҳам текширдик. Келинглар, шу масалани эксперт гуруҳини шакллантирамиз-да, ҳал қиламиз”, деди партия раҳбари 8 сентябр куни “Адолат” СДП қурултойидан сўнг ОАВ вакиллари билан суҳбатда.

Шунингдек, журналистлардан бирининг Алишер Қодиров билан сизнинг ўртангизда дебат бўлиб ўтишини кутсак бўладими, деган саволига Баҳром Абдуҳалимов: “Дебатни ҳамма билан кутиш мумкин. Шу жумладан, Алишер Қодиров билан ҳам”, – дея жавоб берди.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top