Олимлар аввалроқ иссиқлик янада кўтарилишининг олдини олиш учун 2030 йилгача глобал углерод чиқиндиларини 45 фоизга қисқартириш кераклигини айтишганди.

Аммо 100дан ортиқ мамлакатда олиб борилаётган ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бу муддатга бориб атроф-муҳитга чиқинди ҳажми камайиш ўрнига, аксинча 16 фоизга ортади.

Бу эса ҳарорат саноатлашувдан олдинги даврга нисбатан Цельсий бўйича 2,7 даражага кўтарилишини кўрсатади - бу даража халқаро ҳамжамият томонидан ўрнатилган чегарадан анча юқоридир.

«Чиқиндилар ҳажми 16 фоизга ошиши ташвишланиш учун керагидан ортиқ сабабдир», дейди БМТнинг иқлим масалалари бўйича бош музокарачиси Патрисия Эспиноса.

«Бу олимларнинг жуда жиддий иқлимий оқибатларнинг олдини олиш учун чиқиндиларни тез, барқарор равишда ва кенг кўламда қисқартириш ишларини олиб боришга чақириқларига мутлақо мос келмайдиган ҳолатдир», дейди у.

Углерод чиқиндилари сайёрада иқлим исишига олиб келади / EPA

БМТнинг муаммонинг таҳдидли миқёси ҳақидаги огоҳлантириши ноябрь ойида Глазгода бўлиб ўтадиган иқлим конференцияси арафасида янграмоқда.

Ушбу муҳим тадбирнинг асосий мақсади - Париж келишуви иштирокчи-давлатларини ўз чиқиндиларини янада кескин қисқартиришга ишонтириш орқали глобал ҳарорат кўтарилишини чеклаш бўйича режаларни қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.

Иқлим ўзгариши бўйича Париж келишувига кўра, мамлакатлар углерод чиқиндиларини қисқартириш бўйича режаларини ҳар беш йилда янгилаши ва нормалар босқичма-босқич кучайтириб борилиши керак.

Аммо БМТнинг маълум қилишича, келишувни имзолаган 191 давлатдан фақат 113таси чиқиндиларни камайтириш бўйича кейинги режалари ҳақида эълон қилган.

БМТнинг иқлим бўйича конференциясида иштирок этувчи британиялик вазир Алок Шарма амбицияли режалари бўлган айрим давлатлар эндиликда улардан воз кечишга мойиллик билдираётгани ҳақида гапирди.

«Аммо барча мамлакатлар, айниқса йирик иқтисодиётга эга мамлакатларнинг биргаликдаги ҳаракатисиз шу вақтгача қилинган саъй-ҳаракатлар беҳуда кетиши хавфи туғилади», дейди Алок Шарма.