Кремль Мали ҳукумати ва Россия россиялик ҳарбийларни Африканинг ушбу мамлакатига юбориш бўйича қандайдир музокара ўтказаётганини рад этган.
Малидаги ҳарбий ҳукумат «Вагнер» жангариларини ёлламоқчи экани ҳақидаги хабарлар ўтган ҳафтада пайдо бўлганди.
«Франс пресс» манбаси хабар қилишича, Мали «Вагнер» ХҲК билан мамлакатга мингга яқин россиялик ёлланма жангчини ташлаш бўйича келишув имзоламоқчи.
«Агар Мали ҳукумати «Вагнер» билан шартнома тузса, бу биз кўп йиллар мобайнида Саҳел минтақасидаги давлатларни қўллаб-қувватлаш учун олиб борган ва олиб бормоқчи бўлган ишларимизга мос келмайдиган фавқулодда хавотирли сигнал ҳисобланади», деган Флоренс Парли.
Мали Мудофаа вазирлиги вакили ҳукумат ва россияликлар хусусий қўриқлов компанияси ўртасида музокаралар ўтказилиши мумкинлигини истисно этмаган.
«Расмий музокаралар бўлгани йўқ», деган журналистларга Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков телефон конференцияси чоғида.
«Биз кўплаб мамлакатлар, шу жумладан Африка қитъасидаги мамлакатлар билан алоқаларни, ҳарбий алоқаларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз», дея қўшимча қилган Песков.
Аммо унинг сўзларига кўра, Малида Россия қуролли кучлари вакиллари йўқ.

«Афтидан, Москва ва Парижнинг Африкадаги таъсир доираларни кенгайтириш учун рақобати кучаймоқда. Ба Саҳел минтақасида кучайиб бораётган радикал кучларга қарши халқаро даражада курашга таъсир кўрсатиши мумкин. Мали «Вагнер»нинг камида мингта россиялик жангчисини ёллаш ниятида экани ҳақидаги хабар Францияни ташвишлантирмай қолмайди. Мудофаа вазири Флоренс Парли бундай келишув Франциянинг ушбу мамлакатдаги аксилтеррор операцияларига путур етказиши мумкинлигини айтиб чиқди», дейди BBC Африка бўлими редактори Уилл Росс.
Франция ТИВ раҳбари Жан-Ив Ле Дриан агар Малида «Вагнер» жангчилари пайдо бўлса, Париж у ердан ўз ҳарбийларини олиб кетишидан огоҳлантирди.



















