20 сентябрь куни эрталаб Россиянинг Перм давлат миллий тадқиқот университетига қуролланган шахс ҳужум қилди. Тахминан соат 11 ларда автомат кўтарган ҳарбий кийимдаги шахс кампусда ўт очган, шундан сўнг у университетнинг саккизинчи корпусига кирган. Ҳужумчи камида 30 марта ўқ узган, тахминларга кўра, ўқлар Huglu 12 калибрли силлиқ стволли қуролдан отилган.
РФ ИИВ Пермда полициячилар олий таълим муассасаси ҳудудида отишма уюштирган шахсни қўлга олишганини маълум қилди.
«Бугун тонгда полиция навбатчилик қисмига Перм давлат миллий тадқиқотлар университети ҳудудида ўқ овозлари эшитилаётгани ҳақида хабар келиб тушди. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва яраланганлар бор... Ўтказилган амалиёт якунида ҳужум қилган шахс полиция ходимлари томонидан қўлга олинди», дейилади хабарда.

Россия Тергов қўмитасидагиларга асосланган «Интерфакс» агентлиги ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 8 нафарни ташкил этаётганини маълум қилган. Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 24 нафар жабрланувчига тиббий ёрдам кўрсатилган, шундан 19 киши ўқотар қуролдан жароҳатланган.
«Гумонланувчининг шахси аниқланган. Қўлга олиш чоғида у қаршилик кўрсатган ва яраланган», дейилади тергов хабарида. Хабарда гумонланувчининг исми шарифи келтирилмаган.
Тергов қўмитасидагиларнинг аниқлик киритишича, ҳужум қилган айни вақтда шифохонага ётқизилган. У ов қуролидан ўт очган, маълум бўлишича, бу қурол унинг ўзи томонидан май ойида қонуний равишда сотиб олинган.
Аввалига университет матбуот хизмати ҳужум қилувчи отиб ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатганди, кейинроқ бу хабар университет сайтидан йўқолиб қолди. Ҳодисадан кейин региондаги барча таълим муассасаларида машғулотлар бекор қилинган.
Давлат думаси депутати Александр Хинштейн бу шахс қуролни қонунчилик қатъийлаштирилишидан сотиб олганини айтиб ўтган.
Қонунчиликка қуролга эгалик қилишни қийинлаштириш мақсадидаги тузатишлар жорий йилнинг май ойида, Қозон шаҳридаги гимназияда 19 ёшли собиқ талаба Ильназ Галявиев томонидан ўқотар қурол билан содир этилган оммавий қотилликдан (ўша ҳодиса оқибатида ҳам ўнга яқин киши ҳалок бўлган) кейин киритилганди.
«Барча ҳужжатларни у қуролга эгалик қилиш учун талаб этиладиган талабларни қатъийлаштирувчи қонун кучга киришидан олдин расмийлаштирган. Қўрқаманки, бу қонун панацея (ҳар қандай балодан қутқара олувчи восита) эмас», дея ёзган Хинштейн телеграм-каналида.










