Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Осиё тараққиёт банки ўртасида “Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида модернизация қилиш ва бошқарувга бериш” лойиҳаси юзасидан маслаҳат хизматларини кўрсатиш бўйича битим тузилган бўлиб, лойиҳани амалга ошириш бўйича берилган эълон натижасига кўра қизиқиш билдирган 3 та хорижий компаниядан “Veolia Central & Eastern Europe” (Франция) компаниясининг таклифи Осиё тараққиёт банки тавсиясига кўра Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан маъқул деб топилган.
Лойиҳа концепцияси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган ва унга кўра ушбу лойиҳа эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатиш шартлари асосида амалга оширилиши назарда тутилган. “Veolia Central & Eastern Europe” (Франция) компанияси томонидан фақат лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ “Veolia Energy Tashkent” мaxcyc лойиҳа компанияси юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган. Осиё тараққиёт банки дастлабки 3 йил давомида лойиҳани амалга ошириш ҳамда мониторинг олиб бориш бўйича маслаҳатчи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўмаклашади.
“Veolia Central & Eastern Europe” (Франция) компанияси лойиҳа бўйича хусусий шерик этиб белгиланди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги давлат шериги сифатида махсус лойиҳа компанияси билан лойиҳа бўйича амал қилиш муддати 30 йил бўлган, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни расмийлаштиради:
- самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) сифатида кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик подстанциялари, иссиқлик ва иссиқ сув ҳисоблагичлари ўрнатиш, шунингдек, авария ҳолатлари, иссиқлик йўқотишлари, энергия ва сув истеъмолини кескин камайтириш ҳамда замонавий автоматлаштирилган тизимларни жорий этиш;
- махсус лойиҳа компанияси томонидан тажриба лойиҳалари сифатида дастлабки икки йилда Тошкент шаҳрининг Бектемир ва Сергели туманларидаги “Водник” ва “Саноат энерго” марказлашган қозонхоналари орқали 118 та кўп қаватли уй ва 43 та ижтимоий объектнинг иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва ёпиқ тизимга ўтказиш;
- тажриба лойиҳалари бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) ижроси юзасидан Осиё тараққиёт банкининг тавсиясига ҳамда техник аудиторнинг ҳисоботи асосида битим кучга кирган кундан бошлаб 2 йилдан кейин уни қайта кўриб чиқиш, шунингдек, давлат шеригига 18 йилдан кейин битимни ихтиёрий равишда бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқини бериш;
- “Тошиссиққуввати” ДУКнинг иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, истеъмолчиларга етказиб бериш, шу жумладан, иссиқлик тизимини эксплуатация қилиш, истеъмолчилар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва тўловларни ундириш бўйича вазифа ва функцияларини махсус лойиҳа компаниясига ўтказиш, шунингдек, битим амал қилиши даврида махсус лойиҳа компаниясининг мустақил равишда фаолият юритилишини таъминлаш;









