Кўприк Нукусдаги «Жанга базар» ва «Алмазар» МФЙлари оралиғидаги темир йўл устида жойлашган. Баландлиги 6,52 метр, узунлиги 59,86 метр, кенглиги 3 метр. Унинг қурилиши 2021 йилнинг январь ойида бошланиб, март ойида фойдаланишга топширилган. Аммо ишлар тўлиқ якунига етказилмаган.

Kun.uz бу мавзуга 5 ой олдин ҳам тўхталиб ўтганди. Ўшанда ишлар тўлиқ якунига етказилмагани, кўприкнинг устки қисми ёпилмагани ҳақида айтилганди. Кўприкдан ўтувчилар унинг қимирлаб туришидан шикоят қилишганди.

Шундан кейин, 27 апрел куни буюртмачи ташкилот муҳандиси Ўктам Камалов кўприк қурилиши чиндан ҳам якунига етмасдан фойдаланишга топширилганини тан олган.

Ўктам Камалов ўшанда мазкур кўприк маҳаллий ҳокимият билан келишилган ҳолда фойдаланишга рухсат берилганини айтган.

Бундан беш ой олдин Қўнғирот темир йўллари УК муҳандиси "Кўприкнинг ҳозирги қиёфаси бутунлай ўзгаради. Лойиҳада кўрсатилган кўприкнинг том қисми ўрнатилади. Қўшимча тунги чироқлар ҳам ўрнатилади. Кўприкнинг ташқи қиёфасида Қорақалпоқ миллий орнаментларидан фойдаланилади. Кўприкнинг тўлиқ битказилмаганига сабаб, лойиҳада кўрсатилган тунги ёритиш чироқлари ва том қисми талабга жавоб бермаган. Буюртмачи ташкилот бу жиҳозларга қайтадан буюртма берган", деб таъкидлаганди.

Орадан ярим йилга яқин вақт ўтса ҳам бу ўзгаришлар амалга оширилмади. Олдинда совуқ, ёғингарчиликли кунлар яқинлашмоқда.