Жамият | 14:34 / 30.09.2021
64538
2 дақиқада ўқилади

23 йил давомида қидирувда бўлган террорчи қўлга олинди. У 16 февраль портлашларида иштирок этишда ҳам айбланган

1999 йилда Тошкентда уюштирилган қўпорувчилик ҳаракатларида қатнашган ва бошқа жиноятларни содир этишда айбланган шахс ДХХ томонидан қўлга олингани маълум қилинди. Қайд этилишича, 23 йилдан буён қидирувда бўлган бу шахс хорижда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинган.

«Туркистон ислом ҳаракати» халқаро террористик ташкилоти аъзоси экани айтилаётган бу шахс Ўзбекистон ҳудудида ўта оғир жиноятлар содир этгани учун 23 йилдан буён қидирувда бўлган.

1969 йили Тошкент вилоятида туғилган ушбу шахс 1998 йил бошларида Чеченистонга бориб, иорданиялик Амир Ҳаттоб томонидан ташкил қилинган жангарилар лагерида махсус тайёргарликдан ўтган. Ўша йил охирларида Афғонистондаги «Туркистон ислом ҳаракати» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилади.

1999 йилнинг январида ташкилот етакчилари кўрсатмаси билан у айланма йўллар орқали Тошкент шаҳрига келиб, бадавлат одамларнинг уйларида босқинчиликлар амалга оширган ҳамда уларнинг пул ва қимматбаҳо буюмларини ўзлаштириб, Афғонистондаги «Туркистон ислом ҳаракати» етакчиларига юборган.

У 1999 йилнинг 16 февраль ва 30 март кунлари Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида ҳам иштирок этган. Шунингдек, 1998-2006 йилларда хорижий давлатлардаги халқаро террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда қатнашган.

Давлат хавфсизлик хизматининг хабар беришича, айни пайтда ушбу шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1999 йил 16 февралда Тошкент шаҳрининг бир неча ҳудудида, жумладан, Мустақиллик майдонидаги ҳукумат биноси яқинида кучли портлашлар содир бўлганди. Расмий маълумотларга кўра, бунинг оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, 100дан ортиқ одам жароҳат олган.

Ушбу ҳодиса Ўзбекистон расмийлари томонидан теракт ҳамда мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳаётига суиқасд деб баҳоланган. Ҳукумат портлашда Ўзбекистон исломий ҳаракатини айблаган. 2000 йил январида портлашда айбланган бир неча шахс қатл этилгани маълум қилинган.

Мавзуга оид