Европа Чемпионлар лигаси 2-тури доирасидаги сешанба оқшомида ўтган учрашувлар орасида камтарона «Шериф» клубининг Мадридда кимсан «Реал» жамоасини сенсацион тарзда мағлуб этгани, кечанинг асосий ўйини дейилган «ПСЖ» - «Манчестер Сити» баҳсини ҳам соясида қолдирди. «Сантьяго Бернабеу»даги оқшомда ўзбекистонлик ҳужумчи Жасур Яхшибоев томонидан Куртуа дарвозасига йўлланган гол бутун дунёда Мессининг «ПСЖ»даги дебют голидан кам айланаётгани йўқ. Хўш, Яхшибоев ким ва у қандай қилиб «Реал» дарвозасигача етиб борди?

Чиноздаги станциядан «Пахтакор» бекатигача

1997 йилнинг 24 июнь куни Тошкент вилоятининг Чиноз шаҳарчасида туғилган Жасур Яхшибоев болалигидан тўпга ошно тутингани боис, 7 ёшидан бувиси билан ҳар эрталаб Чиноздаги поезд станциясидан Тошкентдаги «Пахтакор» мактабига келиб, кечқурун яна пойтахтдан Чинозга қайтган. Бу ҳақда футболчининг ўзи интервьюларидан бирида эслаган.

«Болалигимдан «Пахтакор»га мухлислик қилардим. Чиноз Тошкентдан 60 километр узоқликда жойлашгани сабабли мактаб ёшимдан бошлаб ҳар куни Тошкентга қатнаганман – «Пахтакор» мактабида шуғулланиш учун. Эрталаб бувим билан «электричка»да жўнаб, кечқурун яна 1,5 соатда шундай қайтардик. Ота-онамнинг ўз иши бор эди. Еттинчи синфда ўқиётганимда эса Тошкентга кўчиб, «Пахтакор» интернатида ўқишни бошлагандим», - дейди у.

Унинг илк мураббийларидан бири Жасур Абдураимов саналади. Ҳозирда «Металлург» бош мураббийи саналмиш Абдураимов Яхшибоевнинг катта футболдаги илк қадамларини ташлашида ёрдам берган.

«Жасурни 8 ёшидан бери биламан. Чинознинг оддий оиласидан чиққан бола. Ёдимда, машғулотларимиз эрталаб соат 8:00да бошланса, Жасур жуда кичкина бўлса-да, саҳарлаб соат 4:00да уйқудан туриб, бувиси билан Тошкентга етиб келарди. У бирор марта машғулотни ўтказиб юборганини эслай олмайман. Футболни жуда яхши кўргани учун тиним билмасди. Миллий терма жамоада ўйнашни орзу қиларди. Унга ўхшаган футболчилар кам. Жасур 7-8 ёшида қилган ишларни ҳозир бирор болада учратмадим», - дейди Жасур Абдураимов шогирди ҳақида.

«Пахтакор»даги дебют, Олмалиқдаги ижара ва Европага сафар

Яхшибоев «Пахтакор» футболчиси сифатида Суперлигадаги дебютини 19 ёшида ўтказди. 2016 йилнинг 3 ноябрь куни у «Шўртан»га қарши кечган баҳсда (5:2) катта футболдаги илк расмий учрашувида майдонга тушди. Дебют голини эса икки йилдан сўнг – 2018 йилда «Металлург» дарвозасига уради. Ўша йили Ўзбекистон ёшлар жамоаси сафида Хитойда Осиё чемпиони бўлган. Шунга қарамай, ўтган тўрт йил давомида «Пахтакор» сафида асосий таркиб ўйинчисига айлана олмагач, бош мураббий Шота Арвеладзе 22 ёшли Жасурни ОКМК клубига 2019 йил якунига қадар ижарага беради.