09:08 / 01.10.2021
5038

Архив иши ва иш юритиш соҳасида янги регламентлар қабул қилинди

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Қуйидагилар тасдиқланди:

яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти (1);

мавзули сўровларни ижро этиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти.
 
Маъмурий регламент (1) жисмоний шахсларга ёки уларнинг яқин қариндошларига (эри ёки хотини, фарзандлари, неваралари, ака-ука ва опа-сингиллари) (кейинги ўринларда – ариза берувчи) давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди. Меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар давлат архивларида сақланаётган ташкилотлар ҳужжатларига асосан тасдиқланади.

Ушбу хизмат давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали давлат архивлари томонидан кўрсатилади.

Давлат хизматлари марказлари ва давлат архивлари ўртасидаги ахборот алмашинуви ЭРИни мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.

Давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этиши керак ёки хизматлар электрон шаклда кўрсатилади. Ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилганда, сўровномага нотариал тасдиқланган ишончнома нусхаси илова қилинади.

ЯИДХП орқали сўровнома берилганда уни ЭРИ билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

Яроқсиз ҳолатга келган ёки йўқотилган меҳнат дафтарчасидаги битта ташкилотдаги ишга кирган ва ишдан бўшаганлиги бўйича ёзувларни тасдиқлаш учун 0,08 БҲМ миқдорида йиғим ундирилади. Бунда ЯИДХП орқали сўровнома берилганда белгиланган сумманинг 90%и миқдорида йиғим ундирилади.

Ариза берувчи томонидан йиғимни тўламаслик давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади. Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

Маълумотлар сўровнома тушган вақтдан бошлаб 20 иш кунидан ошмаган муддатда давлат архиви томонидан шакллантирилади ҳамда тегишли давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда ариза берувчига юборилади.

Top