Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев Носирхон тўранинг ибратли умр йўли ҳақида ҳикоя қилиб берди.

1871 йили Наманган вилоятининг ҳозирги Косонсой туманида туғилган Носирхон илк сабоқни Намангандаги мадрасалардан бирида мударрислик қилган отасидан олган. Сўнгра таҳсилни Наманган ва Бухородаги мадрасаларда, кейинчалик Кобул, Деҳли, Бағдод ва Ҳижоз шаҳарларида давом эттирган.

Туркистонга қайтгач, Намангандаги Мавлавий ва Мулла Қирғиз мадрасаларида бош мударрис бўлиб фаолият юритган ва кўплаб илм толибларига тафсир, ҳадис, фиқҳдан сабоқ берган. 1912 йили Наманган шаҳрига қози этиб тайинланган. Носирхон тўра 1913 йилдан бошлаб жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган. Шунингдек, у 1917 йилнинг 26-29 ноябр кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Ўлка мусулмонларининг тўртинчи қурултойида қатнашади ва Туркистон мухторияти ҳукумати аъзоси – маориф вазири этиб сайланади.

“1913 йилда у киши Ҳаж сафарига боради ва бу сафар асносида дунёдаги аҳволдан хабар топади. Ҳаждан қайтиши билан мударрисликдан ташқари Туркистонда кенг қамров олаётган жадид тараққийпарварлик ҳаракати ғояларининг тарғиботчисига айланади. Жадид мактаблари ва муаллимларига ҳомийлик қила бошлайди.

Ўша йиллар ҳақида Боймирза Ҳайит ўзининг китобида: “Носирхон тўра Туркистон мухториятининг эълон қилинишида жуда катта ҳаракатни амалга оширди”, деб ёзади. Ашурали Зоҳирий ўз хотираларида: “Агар Носирхон тўра ташаббус кўрсатмаганда эди, Туркистон мухторияти эълон қилинган 4-қурултой чақирилмаган ҳам бўларди”, деб эслайди. Шу тарзда наманганлик аллома 72 кун яшаган бўлса-да, тарихимизда катта мавқега эга бўлган мухториятнинг ташкил этилишига бош-қош бўлади”, дейди Баҳром Ирзаев.

Советлар ҳокимияти уч ой ўтмаёқ янги мухториятни қонга ботиради. Қонуний ҳукумат аъзоларини таъқиб этиш билан қаноатланмай, Қўқон шаҳрига ҳужум уюштириб, ўн мингга яқин аҳолининг ёстиғини қуритади. Ҳукумат ва Маслаҳат Шўроси аъзоларидан элликка яқин одам қамоққа олинади. Мустафо Чўқайнинг ёзишича, Носирхон Тўра Наманганда большевиклар қўлига тушади ва умумий афв эълон қилингач озод этилади ҳамда маълум вақт яширин ҳаёт кечиради.

“Мухториятнинг ҳукумат аъзолигига сайланган Носирхон тўра Наманган ва Фарғонада бўлиб ўтган 60 минг, 100 минг кишилик намойишларни ташкил этиб, халқни Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлашга илҳомлантиради. Большевиклар томонидан бу ҳукумат қонга ботирилганидан сўнг эса Катта Эргаш, Муҳаммад Аминбекнинг раҳнамоси сифатида, истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий оталаридан бири сифатида фаолият олиб боради. Эрк ва озодлик учун қўлига қурол тутган инсонлар Носирхон тўранинг маърузалари таъсирида, у ёзган нашидаларни куйлаб ҳаёт-мамот жангларига киришади.