Спорт | 08:18 / 07.10.2021
8275
2 дақиқада ўқилади

От спорти бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси «Миллатлар кубоги»нинг финал босқичида қатнашди

1-3 октябрь кунлари Испаниянинг Барселона шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича «Миллатлар кубоги»нинг финал босқичи бўлиб ўтди. 

Фото: УзА

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг ёзишича, турнирда Ўзбекистон делегациясидан чавандозлар — Умид Комилов, Бекзод Қурбонов ҳамда Аъзамжон Толиббоев ҳам қатнашишди. Аммо ўзбекистонлик чавандозларга ғолиб ёки совриндор бўлиш насиб этмади. 

Мусобақада от спорти бўйича жаҳоннинг етакчи мамлакатларидан Бельгия, Голландия, Франция, Буюк Британия, Германия, Швейцария, Италия, Испания, Ирландия, Норвегия, Швеция, АҚШ, Канада ва Бразилия чавандозлари ҳам ўз имкониятини синовдан ўтказишди.

Фото: УзА
Фото: УзА

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси аъзолари 2021 йилда Тошкент, Бишкек ва Москва шаҳарларида бўлиб ўтган жаҳон кубоги босқичларида муваффақиятли иштирок этиб, «Миллатлар кубоги»нинг финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганди.  

Фото: УзА

Маълумот учун, «Миллатлар кубоги» от спортида нуфузи бўйича Олимпия ўйинларидан кейинги ўринда турувчи йирик турнир ҳисобланади. Анъанага кўра, турнирнинг финал босқичи ҳар йили куз фаслида Испаниянинг Барселона шаҳрида ўтказилади.

Мавзуга оид