Риштонлик машҳур уста кулол Шарофиддин Юсупов 76 ёшни қаршилаган. Унинг отаси ҳам ўз даврининг машҳур кулоли эди. Шарофиддин кулол ёшлигида уйидаги оилавий устахонада кулолчилик сирларини ўрганган.

«Мен бу дунёга кулол бўлиш учун туғилганман. Бошқа касбни орзу ҳам қилмадим. Меҳнатларим зое кетмади. Яратган асарларим дунёнинг кўплаб музейларида сақланади. Давлатимиз томонидан меҳнатларим инобатга олинганидан ғоят хурсандман», – дейди у.

Ҳар бир асарга ўзгача меҳр

«Санъат асарларимни чет элга сотадиган бўлсам, юрагимнинг бир парчаси ўша идиш билан кетади. Чунки асарларимга юракдан меҳр бериб ишлайман.

Эътибор берган бўлсангиз, устахонамда 100 та идиш бор, уларнинг бири иккинчисига сира ўхшамайди. Бугун ясаган лаганимни, ўхшатишим мумкиндир, лекин эртага худди шундай қилиб ясай олмайман», – дейди Шарофиддин Юсупов.

Шогирднинг вазифаси устоз қўлидаги нарсани ўғирлаб олса ёки фаросатига жойлаштириб олсагина ундан ҳақиқий шогирд чиқади, дейди Шарофиддин ака.

«Биз ҳам шогирд бўлиб уста кўрганмиз. Ўшанда шогирдлар орасида қобилиятига қараб ўрта ҳол ва етук шогирдлар чиққан. Яхши кулол бўлиш учун ҳам инсонда қобилият бўлиши муҳим. Менга ҳам кўплаб шогирдлар келган. Шогирдликка олинганлар йиллар ўтиб қобилиятига қараб қолгани қолади, аксарияти эплай олмай кетади. 20 нафар устадан битта шогирд чиқиб қолса, шу устанинг бахти», – дейди уста кулол.

У фарзандларининг ўзидек уста кулол бўлишини истамайди, улар ўзидан бир поғона баланд кулол бўлиб етишсагина рози.

Шарофиддин аканинг отаси кулолчилик заводида ишлаган. Ойлигидан рўзғорга егулик олиб келган: она қорнидаёқ у кулолчилик ортидан топилган ризқдан насиба олган. Шунинг учун кулолчиликка меҳр она қорнидан бошланган, деб ҳисоблайди.