11 октябрь куни Ўзбекистон президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашув ўтказди. Партия матбуот хизмати номзоднинг сайловолди учрашувида эътибор қаратган масалаларни маълум қилди.

Табиатга етказилган зарар учун жавобгарлик кучайтирилади

Учрашув давомида Нарзулло Обломуродов Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи сайловчиларни ўз дастури билан таништирар экан, жисмоний ва юридик шахсларнинг ер, сув ва атмосфера ҳавосига салбий таъсири учун жавобгарлик чораларини кучайтириш тарафдори эканини таъкидлади.

“Партиямиз табиатни асраб-авайлаш, мамлакатдаги дарахтлар ва сув ҳавзаларини, табиий ёдгорликларни салбий антропоген таъсирдан ҳимоя қилиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширади. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ҳимоя қилиш ва экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббуслари илгари сурилади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер, сув ва атмосфера ҳавосига салбий таъсири учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, етказилган зарарни қоплашда “ифлослантирувчи тўлайди” тамойили тарафдоримиз”, деб айтган Обломуродов сайловчилар билан учрашув чоғида.

Оролқум Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё ҳудуди атмосферасига салбий таъсир кўрсатмоқда”

Президентликка номзод ўз чиқишида Оролбўйи минтақасининг экологик муаммолари масаласига атрофлича тўхталиб ўтди.

“Орол денгизининг қуриши оқибатида пайдо бўлган 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонни эгаллаган Оролқум саҳроси Оролбўйи ҳудуди ва бутун Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё ҳудудининг атмосферасига ўта қаттиқ таъсир кўрсатаётгани барчамизга маълум. Маълумотларга кўра, Оролқумдан зарарли кимёвий унсурлар, туз ва тупроқ заррачаларидан иборат чанг ҳавога кўтарилиб, шамол билан бутун дунёга тарқалмоқда.

Охирги йилларда Оролбўйи минтақасида илк бор пайдо бўлган “туз ёмғирлар” айнан шу муаммонинг ўта долзарблигини яна бир бор кўрсатди.

Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларининг экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсадимиз бўлиб қолади”, – дея таъкидлаган