2022 йил 1 январдан ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган юридик шахслар учун асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурсларни ҳисобга олиш ҳамда ўз устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операцияларни ДСҚнинг E-aktiv автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттириш мажбурий бўлади.
Ҳукумат қарорига кўра, E-aktiv'га қуйидаги маълумотлар киритилиши лозим:
- ҳисобга қўйиш (харид қилиш, қуриш), йўлга қўйиш, қайта баҳолаш ва АВ объектлари, номоддий активларни ва ТМРни бошқариш, шунингдек, устав фондини шакллантириш ва камайтириш билан боғлиқ барча операциялар;
- ўз қийматини йўқотиши (яроқсизлиги, сақлаш муддатининг ўтиши, жисмоний ва маънавий эскириши, етишмовчилиги, йўқотилиши, зарар кўриши) туфайли хўжалик фаолияти жараёнида ТМРни ҳисобдан чиқариш – 3 иш куни мобайнида.
Бу тизим нега керак?
Тизим тадбиркорлик субъектларига:
— онлайн режимда, омбордаги маҳсулотлар ҳисоб-китобини юритиш, унинг кирими ва қолдиғини назорат қилиш;
— битта ёки бир нечта электрон омборлар барпо этиш ҳамда уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида ҳисобини юритиш имконини беради.
Назорат қилувчи органларга, жумладан, ДСҚ:
— кирим қилинмаган товарларни сотиш ҳолатларини бартараф этиш;
— товарлар реализациясини назорат қилиш, шу орқали яширин иқтисодиётни қисқартиришга ёрдам беради.
Норози ҳисобчилар нима дейди?
Ушбу янгиликни кўплаб корхоналар ҳисобчилари яхши кайфият билан кутиб олмади. Ижтимоий тармоқларда E-aktiv тизими билан боғлиқ янгилик ҳисобчилар ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Улар томонидан билдирилган айрим фикрларни келтириб ўтамиз:
— “Яширин иқтисодиётни қисқартириш учун ҳар хил бюрократик тартибларни кўпайтириш ўрнига, солиқларни адолатли қилиш керак, тамом”.
— “Барча товар-моддий бойликларни кеча-ю кундуз дастурларга киритамиз. Ўзи бухгалтерлар оддий иш ва ҳисоботларни бажаришга вақт тополмайдилар. Байрамлар ва дам олиш кунлари, хайр!”

















