Россия Ветнамга маҳаллий авиакомпаниялар самолётларини “ҳўл” лизинг асосида Россия ташувчиларига бериш таклифини юборди. Бу ҳақда Россия транспорт вазири Андрей Никитин 9 сентябр куни Москвада ўтказилган Россия–Ветнам музокараларидан кейин маълум қилди.

“Ҳўл” лизингда самолёт нафақат ижарага берилади, балки унинг экипажи, техник хизмат кўрсатилиши ва бошқа операцион хизматлар ҳам ижара берувчи томон зиммасида қолади.

Никитиннинг айтишича, Россия томони тегишли таклифларни Ветнамга тақдим этган ва ҳозир улар кўриб чиқилмоқда.

Россия транспорт вазири икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлар оқими сезиларли ўсганини таъкидлади. Унинг маълумотига кўра, 2026 йилда Россия ва Ветнамга ўртасидаги авиақатновлар кўрсаткичи 2025 йилга нисбатан қарийб уч баравар ошган.

Москва Ветнам авиакомпанияларидан самолётларни “ҳўл” лизингга олиш икки давлат ўртасидаги авиақатновлар сонини янада кўпайтириш имконини беради, деб ҳисобламоқда.

Россия аввал ҳам хорижий самолётларни шу тартибда ижарага олиш бўйича бошқа давлатлар билан музокаралар ўтказган. Улар орасида Марказий Осиё мамлакатлари, Қатар, Кувайт ва Эфиопия бор.

2025 йил ёзида Эфиопия Россиянинг таклифини рад этган эди. Мамлакат расмийлари Ethiopian Airlines самолётларини ижарага бериш бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга эмаслигини билдирган. Шунингдек, АҚШнинг эҳтимолий иккиламчи санкциялари билан боғлиқ хавфлар ҳам қайд этилган.

Ҳозирга қадар Россия авиакомпанияларининг хорижий ташувчилар билан “ҳўл” лизинг бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берилмаган.

Россия авиакомпанияларининг қўшимча самолётларга эҳтиёжи Boeing ва Airbus лайнерларини харид қилиш ҳамда таъмирлашдаги қийинчиликлар фонида ортиб бормоқда. Бу икки ишлаб чиқарувчи самолётлари Россия фуқаролик авиация паркининг қарийб учдан икки қисмини ташкил этади ва йўловчи ташишларнинг 90 фоизига хизмат қилади.

“Коммерсант” ҳисоб-китобига кўра, ёзда Россиянинг 11 та йирик авиакомпаниясидаги 673 та самолётдан 130 таси парвозларни амалга оширмаган. Бу паркнинг қарийб бешдан бир қисмига тенг.

2025 йил апрелида Россия президенти Владимир Путин маҳаллий авиакомпанияларга хорижий самолётларни “ҳўл” лизинг асосида ижарага олишга рухсат берган эди.