Халқ орасида “Лақайдан чиққан Робин Гуд”, “Шарқ Наполеони” деб аталган Иброҳимбек Чақабоев ўн йилдан ошиқ совет ҳукуматига қарши курашди. У 1931 йил август ойида совет ҳукумати душмани сифатида большевиклар томонидан отиб ташланган. Орадан 90 йил ўтгач, яъни 2021 йилнинг августида Ўзбекистон Республикаси Олий суди уни оқлади.

“Иброҳимбек Лақай 1889 йилда Шарқий Бухородаги Кўктош қишлоғида ўзбек уруғларидан саналмиш лақай уруғи улуғларидан бирининг оиласида дунёга келади. Унинг отасини Чўқабой Тўқсабо дейишар, тўқсабо Бухоро амирлигида ҳарбий унвонлардан бири бўлиб, бугунги кундаги полковник унвони билан тенг ҳисобланади.

Иброҳимбек оиладаги олти ўғил, олти қизнинг энг кенжаси ҳисобланган. Лақайларнинг турмуш тарзига кўра у тўйлардаги курашларда олишиб, улоқларда от чопишиб улғайган. Номи чиққан полвон, чопағонлардан бири бўлгани учун 1919 йилда у амирлик қўшинига ишга қабул қилинади ва унга қоровулбеги лавозими берилади”, дея ҳикоя қилади Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев.

Баҳром Ирзаев

1920 йили Туркистонда совет ҳукумати ўрнатилади. Қизил армиянинг Бухоро амирлигига шиддатли ҳужуми оқибатида Амир Олимхон мағлубиятга учрайди ва тахтни ташлаб, 1920 йил сентябрида Шарқий Бухорога чекинади.

Давлатмандбек лақай уруғлари оқсоқоллари билан қурултой ўтказиб, уларни совет ҳукуматига қарши ялпи курашга даъват этади. Қурултойда Эшон Султон раҳбарлигидаги Ҳисор лақайлари ҳам, Кўр Ортиқ додҳо Аширов бошлиқ Балжувон лақайлари ҳам умумий раҳбарликни бир овоздан Иброҳимбек Чақабой тўқсабо ўғлига топширади.

“1920 йилнинг сентябридаги қонли воқеалардан сўнг амир Душанбега бориб жойлашади. Бироқ у ерда на катта амалдорларни ва на отлар ҳамда армияни ушлаб турадиган шароит бўлмагани учун амир Олимхон Афғонистонга йўл олади. Ушбу оғир дамларда амирнинг ёнида бўлган Иброҳимбекка дастлаб, девонбеги, тўпчибоши, сўнгра кўпчиликнинг якдил овози билан амири лашкар лавозимлари берилади. Шундан сўнг бутун Бухоро амирлигини тиклаш вазифаси лақайлик ушбу йигитга ишониб топширилади. У мана шу тарзда истиқлол учун кураш тарихига кириб келди. Бу пайтда у эндигина ўттизга кирган ёш йигит бўлган”, дейди Баҳром Ирзаев.