«Олақарғалар» капитал қиймати 430 миллиард доллар бўлган дунёдаги энг йирик фондлардан бири бошқарувига ўтди. Ҳозирда АПЛ турнир жадвалида охирги поғоналарда санғиб юрган «Ньюкасл» бошига қандай омад қуши қўнганини тасаввур қилдингиз-а? Аммо бу Англиянинг ўз анъанасига эга ўртамиёнаси бир юмалаб катта жамоага айланиб қолганини англатмайди.
Бу қопга солиб қўйилган пуллар эмас
«Ньюкасл» Саудия фонди томонидан сотиб олингач, кўпчилик фонднинг пулларини ҳисоблаб кетди. Масалан, «Манчестер Сити» дунёнинг энг бой клуби бўлса, унинг хўжайини Шайх Мансурнинг бойлиги 20 миллиард доллар. «ПСЖ» хўжайини Носир ал-Хелайфининг пули «атиги» 8 миллиард доллар. «Ньюкасл» бошқарувини қўлига олган фонд эса 430 миллиард долларга баҳоланади. Аммо бу «Ньюкасл»ни «Сити»дан 20 баравар бадавлат клубга айлантириб қўймайди. 430 миллиард долларга баҳоланган фонд фақат «Ньюкасл»га футболчи олиб бериш билан шуғулланмайди, бутун дунёдаги футболчилар ҳам бунча турмаса керак аслида.
Шунингдек, 430 миллиард доллар дегани худди шунча миқдордаги Бенжамин Фраклин тасвири туширилган купюраларга тўла қоплар саудияликлар омборида сақланаётганини англатмайди. Фонднинг бор-буди, бинолари, активлари, қиймати шунчага баҳоланган. Унинг асосий вазифаси Саудияни нефтга боғланиб қолишдан қутқариш экани инобатга олинса, «Ньюкасл»га бу пулнинг жуда кам қисми тегишини англаш мумкин.
Юқоридаги маълумотлар Ўзбекистондаги «Ньюкасл» мухлисларининг пул миқдорини эшитиб, юраги ёмон бўлиб қолмаслиги учун эди. Аслида эса Алан Ширернинг собиқ клуби ақл бовар қилмас катта пулга эга фонд бошқарувига ўтгани бор гап. Лекин бу муваффақият калити ҳам эмас.
Анъаналар миллиардлар билан тўқнашуви
Англиянинг ўз анъаналарига эга бўлган клуби «Ньюкасл» ўз тарихида 4 марта Англия чемпиони бўлган. Охирги марта 1927 йилда. Клубнинг охирги муваффақиятли даври сифатида Алан Ширер ўйнаган йиллар эсланади. 1995-96 йилги мавсумда Кевин Киган билан, кейинги мавсумда эса Кенни Далглиш билан «олақарғалар» АПЛда иккинчи ўринни эгаллашади. Далглиш мураббийлигидаги тугаган мавсумнинг ярмигача ҳам жамоани Киган бошқарганди. Албатта, у даврларда жамоанинг асосий юлдузи Алан Ширер бўлган. «Гол одам» лақабини олган супер Алан билан «Ньюкасл» кейинроқ Бобби Роббсон мураббийлигида ЕЧЛда ҳам ўйнаган.
Шу-шу, «Ньюкасл»да кичик порлашлар бўлиб туради, Бэллами, Кэррол, Ба каби юлдузлар порлаб қолади, аммо умумий планда олганда жамоа олдинга қараб силжиётгани йўқ. Аксинча охирги йилларда пасайиш бўлди, жамоа ҳатто АПЛдан тушиб ҳам кетди. Бу эса 2008 йилдан буён клубнинг эгаси ҳисобланадиган Майк Эшлига нисбатан мухлисларнинг «меҳрини оширди». Мухлислар бир неча йилдан буён унинг кетишини талаб қилишади. Саудияликлар савдони пиширганда, улар аввало Эшлидан қутулганларига байрам қилишди, кейинчалик араб пулларидан маст бўлишни бошлаб юборишди.














