Аёл нолимади, бировдан ёрдам кутмади ва эҳтимол шунинг учун оилада ҳам, жамиятда ҳам унинг қийинчиликларига ҳеч ким эътибор қаратмади. Марҳумнинг дугонаси Kun.uz'нинг “Ҳаётий ҳикоялар” рукнига унинг тақдири ҳақида сўзлаб берди.
— Дугонам Вазира билан болаликдан бирга катта бўлдик, битта косадан овқат еганмиз. Ниҳоятда содда, очиқкўнгил қиз эди. Бировга зарари тегишини истамасди. Ҳаттоки ота-онасига ҳам юк бўлмаслик учун ўзи тинимсиз меҳнат қилиб, ўз кунини кўришга ҳаракат қиларди. Доим кийим-кечаги, ҳамма эҳтиёжи учун меҳнати билан ўзи пул топарди. Далага чиқиб пиёз ўтоқ қилиш борми, картошка-сабзи кавлаш борми, ҳаммасига кетаверарди. Кеч кузги пахта теримигача меҳнат қиларди.
Йиллар ўтиб, улғайиб, ҳаммамиз ўз йўлимиздан кетдик. Дугонам ҳам турмушга чиқиб, оилали бўлди. Турмушнинг қийинчиликлари бошланди. Орада турмуш ўртоғи қандайдир сабаб билан маълум вақтга қамалиб қолди. Шундаям у ҳеч кимдан ёрдам сўрамади, болаларини ўзи парваришлаб катта қилди. Табиатан шунақа эдики, бир марта ёрдам сўраши мумкин эди. Қайтиб сўрамасди, қўл силтаб, кўз юмиб қўя қоларди холос.

Фарзандлари учтага етди: икки ўғилдан кейин яна бир қизчали бўлди. Уч овсин битта ҳовлида яшашларини ҳисобга олиб, ижара уйга чиқиб кетишди. Айрим сабаблар билан ижарада яшаш ноқулай бўлди, шекилли, ота уйига кўчиб борди. Бир муддат ота уйида яшаб турди. Нимадир бўлиб, у ердан ҳам чиқиб кетди. Шундан сўнг шу қишлоқдаги бир уйда ижарада яшаб турган эди.
Жамиятдаги бефарқликми, оиладаги етишмовчиликми... нимани сабаб қилишниям билмайман. Лекин энди у орамизда йўқ. Рўзғор тебратаман деб, болаларини боқаман деб, бир неча кун аввал ҳаётдан кўз юмди.

Янги-Ангрен ИЭС атрофидаги ҳудудда қазиб ташланган чуқурлар бор. Шу ерда эскидан қолган темир бўлакларини топиш мумкин экан. Дугонам шуларни териб, металлоломга топширмоқчи бўлган. 3-4 сўм пул бўлади деб, шуларни кавлаётган вақтда устига тупроқ кўчган ва уни босиб қолган.
Ёнида ўғли ҳам бўлган, бориб одамларни чақириб келгунча вақт ўтган ва дугонам жон бериб бўлган экан. Бола онасининг айнан қаерда эканини тополмай қолган, қидириб 4 соат деганда тупроқ орасидан унинг жасадини топишди.



















