Иқтисодиёт | 18:17 / 21.10.2021
13019
2 дақиқада ўқилади

МБ: Озиқ-овқат ва ёнилғи нархлари ошиши инфляция пасайишига тўсқинлик қилди

Сентябрда инфляция базавий кўрсаткичларда прогнозлардан юқори, яъни 10,8 фоиз миқдорида шаклланди. Бунга озиқ-овқат ва ёнилғи нархлари ошиши сабаб бўлди.

Марказий банк бошқарувининг 21 октябрдаги йиғилишида асосий ставкани 14 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдириш борасида қарор қабул қилинди. Марказий банк эълон қилган расмий релизда инфляцияга оид қатор муҳим кейсларни кўриш мумкин.

Масалан:

- Сентябрь ойи якунларига кўра, инфляция 10,8 фоизни ташкил этиб базавий сценарий доирасидаги прогноз кўрсаткичларидан бироз юқори шаклланмоқда.

- Жорий йилда умумий инфляция динамикасини белгилайдиган асосий драйвер озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгариши бўлиб, йиллик инфляция даражасига 6,1 фоиз бандлик оширувчи ҳисса қўшди.

- Ноозиқ-овқат ва хизматлар гуруҳлари нархларининг сентябрь ойида йиллик ўсиш суръатлари мос равишда 7,7 ва 8,8 фоизни ташкил этиб, умумий инфляциянинг секинлашишига хизмат қилмоқда.

- Монетар омилларга таъсирчан бўлган базавий инфляция жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб умумий инфляциядан паст даражада шаклланиб, сентябрда йиллик 9,2 фоизни ташкил қилди ва йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан 3 фоизга пасайди.

- Сентябрь ойида аҳолининг келгуси ўн икки ойлик инфляцион кутилмалари 15,8 фоизгача ва тадбиркорлик субъектлариники эса – 14,7 фоизгача пасайди. Лекин шу билан бирга, кўплаб давлатлар қатори Ўзбекистонда ҳам умумий инфляцияга нисбатан юқори даражаларда сақланиб қолмоқда.

- Бу албатта, биринчи навбатда, озиқ-овқат нархлари ва ёнилғи маҳсулотлари нархлари ўсишининг юқори суръатлари кузатилаётгани билан изоҳланади. Сентябрь ойи якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархи йиллик ҳисобда 14,4 фоизга ўсган бўлса, ёнилғи маҳсулотлариники 23,2 фоизга ўсди. Ушбу гуруҳ маҳсулотлари нархлари ўсиши умумий инфляциянинг пасайиш тенденциясига салбий таъсир кўрсатган асосий омиллардан бўлди.

Аввалроқ Марказий банк дори-дармон ва озиқ-овқат нархлари кескин ошиши эҳтимолидан огоҳлантиргани хабар қилинганди.

Мавзуга оид