Kun.uz'нинг Facebook саҳифасида 14 октябр куни эълон қилинган мақолалардан бирининг остига фойдаланувчилардан бири Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Юсуф Турсунов суд ҳукми билан мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса ҳам, ўз лавозимида қолаётгани ҳақида изоҳ қолдирди.
Шундан сўнг бу масала тафсилотларини ўрганишга қарор қилдик. Таассуфки, изоҳ қолдирган фойдаланувчи ҳақ бўлиб чиқди.
Юсуф Турсунов катта миқдордаги бюджет маблағини шериклари билан қандай ўмарган?
Суд ҳукмига кўра, Юсуф Турсунов 2019 йилда бошқарма бош ҳисобчиси У.Хафизов, “Paradise System Servise” МЧЖ мансабдор шахслари билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 690 дона кўча чироғини сотиб олиш учун (ҳар бирини 1 миллион 204 минг сўмдан) жами 997 миллион 50 минг сўм маблағни жамият ҳисоб рақамига кўчирган.
Экспертиза хулосасига асосан, мазкур турдаги чироқнинг бир донаси 384 минг сўм бўлган. Шу тариқа, кўчирилган пулнинг 264 миллион 960 минг сўмига 690 дона чироқ олинган, 732 миллион сўми эса талон-торож қилинган.
Юсуф Турсунов жиноий ҳаракатларини давом эттириб, бошқарма бош ҳисобчиси У.Хафизов, “Immortal Grand Savdo Service”МЧЖ мансабдор шахслари билан тил бириктирган ҳолда иккинчи бор яна шу “услуб”да бюджет маблағини ўмарган. Бу сафар ҳар бири 384 минг сўм бўлган 700 дона “Slatek LED Street Light-200W” кўча чироғи 650 минг сўмдан ҳамда ҳар бирининг донаси 272,2 минг сўм бўлган 650 дона “Energomax EMX-0103/150W” кўча чироғи 480 минг сўмдан сотиб олинган. Талон-торож қилинган сумма эса 321 миллион 220 минг сўмни ташкил этган.
Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Юсуф Турсунов жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2021 йил 4 мартдаги ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 45-моддаси қўлланган ҳолда 1 йил 6 ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилади.
Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 18 августдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмига қисман ўзгартириш киритилиб, Юсуф Турсуновга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси муддати 3 йилдан 2 йил 7 ойга қисқартирилади. Унга тайинланган мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо ўзгаришсиз, ўз кучида қолади.
Мансабдор бўлиш ҳуқуқи чекланган шахс нега лавозимида қолган?

















