Ўзбекистон | 15:03 / 21.10.2021
4413
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қаҳрамони Анатолий Панин 72 ёшида вафот этди

Фото: НКМК

Навоий кон-металлургия комбинати фахрийси, Ўзбекистон Қаҳрамони Анатолий Панин 2021 йил 21 октябр куни 72 ёшида вафот этди. Бу ҳақда комбинат расмий сайтида маълум қилинди.

“Анатолий Николаевич Панин меҳнат фаолиятини 1970 йилда Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” карьери экскаватор машинисти ёрдамчилигидан бошлаб, 1977-1983 йилларда экскаватор машинисти, 1983-2019 йилларда экскаватор машинистлари бригадаси бригадири вазифасида ишлаган.

У кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида кон-металлургия соҳасида бой тажриба тўплаб, улкан жамоада ўз касбининг ҳақиқий жонкуяри, устоз-мураббий сифатида ҳурмат-эътибор топди. У Қизилқум саҳросини ўзлаштиришга қўшган муносиб ҳиссаси, ибратли фазилатлари, меҳнатсеварлиги, жонажон Ватанимизга чексиз муҳаббати ва садоқати билан кўпмиллатли халқимизнинг қалбидан ҳақли равишда чуқур жой олган фидойи инсон эди. Ҳар доим зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб, тажрибали экскаваторчи сифатида улкан кон техникалари юқори унум билан ишлашини таъминлаб келди”, дейилади комбинат меҳнат жамоасининг таъзияномасида.

Анатолий Панин 1995 йилда президент фармонига кўра, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган эди. Шунингдек, кўп йиллик фидокорона меҳнатлари, соҳа ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 1, 10, 20, 25 йиллик эсдалик нишонлари, “НКМК фахрийси” унвони, учала даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

Мавзуга оид