21 октябр куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси, сенатор Бахтиёр Умаров қонунни кўриб чиқиш давомида унда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган бир қатор нормалар мавжудлиги, назарда тутилаётган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари амалдаги бошқа қонунларда белгиланган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига номувофиқлигини қайд этди. Сенатор бунга мисол сифатида «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддасида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари белгилангани, бироқ ундаги бир қатор тоифалар «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунда кўрсатилмаганини келтирди.
У шунингдек, қонунда ижтимоий тадбиркорлик субъектларини ижтимоий тадбиркорлик субъектлари реестридан чиқариш тартиби кўрсатилмагани, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда тадбиркорлик фаолиятини чеклаш фақат суд қарори асосида амалга оширилишини қайд этди.
Сенатор қонундаги бир қатор нормалар «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонундаги нормаларни такрорлаётганини ҳам танқид қилди.
Бундан ташқари, Бахтиёр Умаров қонунда ижтимоий тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёз ва преференцияларни белгиловчи нормалар назарда тутилгани, бу эса товар ва молия бозорларидаги рақобат муҳитига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкинлиги, мазкур нормаларни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини ҳам таъкидлади.
Сенатор ўз маърузасини президентнинг ПФ-6155-сонли фармонида Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланганини ҳисобга олиб, ижтимоий тадбиркорлик билан боғлиқ муносабатларни алоҳида қонун шаклида эмас, балки Тадбиркорлик кодекси лойиҳасига киритиш ҳақидаги таклифи билан якунлади.
Шундан сўнг, қонунни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси, адлия вазири Русланбек Давлетов сўзга чиқиб, сенаторнинг фикрларига муносабат билдирди.
«Бу қонунни муҳокама қилишдан аввал «ижтимоий тадбиркорлик ўзи нима?» деган саволга жавоб айтишимиз керак. Ижтимоий тадбиркорлик – давлатнинг қўли етмайдиган ҳолатда, яъни эътибордан четда қоладиган ҳолатларда асосий мақсади фойда топиш эмас, эҳтиёжманд аҳолига ёрдам беришни мақсад қилган юрагида ўти бор тадбиркорларнинг янги-янги лойиҳаларни амалга ошириши.
Албатта, бизнес бўлади, лекин асосий мақсад фойда топиш эмас, ногиронлар, кўзи ожизлар, уйида ногирон бола боқаётганлар каби эҳтиёжманд аҳолига ёрдам бериш бўлади. Яъни ходим сифатида рақобатбардош кадр бўлолмагани ортидан қийналаётганларни қўллаб-қувватловчи, эгилувчан тизим бу», деди у.

















