«Биз бутун дунёга Қаззофий инқилоб туфайли ағдарилганини эълон қиламиз. Ливиядаги тирания ва диктатурага якун ясалди», деганди 2011 йил 20 октябрида Ўтиш даври миллий кенгашининг юқори мартабали вакили Абдул Ҳафиз Гога қочқиндаги ҳукмдор Муаммар Қаззофийнинг ҳалок бўлгани ҳақида маълум қила туриб.

Диктаторнинг тарихи

Муаммар 1940-йилларда, ўша вақтда Триполитания деб аталган Италия мустамлакасида, бадавийлар қабиласига мансуб оилада дунёга келган. 1959 йилда Бенгазидаги университетнинг тарих факультетига ўқишга кирган, шу ерда марксизм ғоялари билан танишган, ўқишни тамомлагач, 1964 йилдан ҳарбий коллежда таҳсил ола бошлаган. Кейинроқ Британияга ўқишга юборилган ва у ерда танк техникасини ўрганган. Армиядаги хизмат чоғида спиртли ичимликлар ичмаслиги ва кўнгилхушликларда иштирок этмаслиги билан ажралиб турган.

Мактаб йилларидаёқ исёнкор кайфиятда бўлган, Мисрнинг ўша вақтлардаги етакчиси Жамол Абдулносирга ҳавас қилган ва қирол Идрис ҳокимиятидан норози ёшларнинг махфий гуруҳига асос солган Муаммар талабалик йилларида «Эркин офицерлар иттифоқчи-социалистлари» ташкилотини тузади. У Жамол Абдулносирнинг ҳокимиятни қўлга олиш мақсадида тузган «Эркин офицерлар» ташкилотидан илҳомланганди.

1969 йилда ҳарбий давлат тўнтариши амалга оширган зобитлар фитнасига бошчилик қилган. Натижада Ливияда монархия тугатилиб, капитан Қаззофий ҳокимиятга келади.

1969—1971 йилларда Қаззофий ҳукумати хорижий банкларни ҳамда хорижликларга тегишли бўлган ер мулкларини миллийлаштиради. Шунингдек, давлат хорижий нефть компанияларни тўлиқ ёки қисман ўзига бўйсундиради. 1973 йилдан Қаззофий ўз режимининг барча сиёсий рақибларини тозалашни ўз ичига олган маданий инқилоб ҳаракатини бошлайди. Ливия ривожланишнинг алоҳида йўлини танлагани эълон қилинади — бошқарувнинг Жамахирия шакли эълон қилинади. Кўп йиллар мобайнида армия, давлат аппарати ва қишлоқлардаги аҳоли диктатор таянчи бўлиб келади.

Ташқи сиёсатда эса, ҳокимиятга келиши биланоқ Қаззофий Ливияни қўшни араб давлатлари билан яқинлаштириш йўлидан боради. Шу билан бирга, бу 1976 йилда Миср билан қисқа муддатли уруш олиб борилишига халал қилмайди. Уганда-Танзания уруши вақтида Қаззофий бир неча минг ливиялик ҳарбийларни угандалик диктатор Иди Аминга ёрдам учун юборади.

Ички сиёсатда Қаззофий ўз режимининг барча рақибларига нисбатан ўта бешафқатлиги билан ажралиб турарди. У фитналар ва давлат тўнтаришига ҳар қандай урунишларга қарши қаттиқ курашган, бундай ҳаракатлар хорижлик кучлар томонидан молиялаштиришига ишончи комил эди. Мамлакатда сиёсий партиялар ва мухолиф гуруҳлар тақиқланади. Ливия қонунчилиги иш ташлашлар ва намойишларга рухсат бермайди, ОАВ устидан қатъий назорат ўрнатилади.