Ўзбекистон | 09:22 / 26.10.2021
9013
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда энг кўп токсик чиқиндилар қайси ҳудудларда ҳосил бўлаётгани маълум қилинди

Ўзбекистонда ҳосил бўлган токсик ва нотоксик чиқиндилар миқдори айтилди. Давлат статистика қўмитаси тегишли хабар билан чиқди.

Фото: pnylaw

Қўмита маълумотида айтилишича, 2020 йил якунларига кўра республика бўйича токсик ва нотоксик чиқиндилар ҳосил қиладиган ташкилотларда ҳосил бўлган жами чиқиндилар миқдори 125,6 млн тоннани ташкил этди.

Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг юқори улуш Навоий вилоятида экани маълум бўлган – 48,2 фоиз. Кейинги ўринлардан Тошкент вилояти (34,6 фоиз) ва Жиззах вилояти (9,1 фоиз) жой олди.

Аксинча, токсик ва нотоксик чиқиндилар бўйича энг кам улуш Сирдарё вилоятида қайд этилди – 0,01 фоиз. Кейинги ўринлардан Қорақалпоғистон Республикаси (0,02 фоиз) ҳамда Фарғона вилояти (0,03 фоиз) жой олди.

Аввалроқ, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар кўмилган ҳамда сақланаётган махсус объектлар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

Ҳужжат билан белгиланишича, заҳарли кимёвий ва бошқа токсик моддалар кўмилган ҳамда сақланаётган махсус омбор ва полигонлар Давлат экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилади.

Давлат экология қўмитасига қуйидагиларни таъминлаш топширилди: махсус объектларда олиб бориладиган рекультивация ва ободонлаштириш ишларининг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда амалга оширилишини; ҳар чоракда махсус объектлар атрофида заҳарли моддаларнинг тарқалишини аниқлаш бўйича тупроқ ва ер ости сувлари таркиби кимёвий таҳлилдан ўтказиб борилишини.

Мавзуга оид