16:01 / 27.10.2021
41988

Вазирлик педагогика университети декан ўринбосари билан боғлиқ воқеа юзасидан муносабат билдирди

Фото: ТДПУ

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан расмий баёнот бериб, ушбу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан ҳам қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилишини маълум қилди.

«Бугун интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети декан ўринбосари томонидан талаба қизни зўрлашга уринилгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Ҳозирда мазкур воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ўрганиш ва суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Ўрганиш натижалари бўйича жиноятда гумонланувчи университет масъул ходимига нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади. Шунингдек, ушбу ҳолатга йўл қўйган университет раҳбарияти ва масъулларига нисбатан ҳам қатъий ташкилий ва интизомий чоралар кўрилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талаба-қизларнинг шаъни ва номусига қарши ҳар қандай хатти-ҳаракатларни кескин қоралайди ва албатта, бу каби ҳолатларга қарши қатъий курашади.

Тез орада бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тезкор мурожаат қилиш имконини берадиган махсус портал яратилади ҳамда ишга туширилади.

Ўрганишлар натижаси бўйича объектив тафсилотлар қўшимча тарзда маълум қилинади», дейилади баёнотда.

Бундан олдинроқ Nemolchi.uz лойиҳаси талаба Муштарийбону Камилованинг мурожаатини эълон қилганди. Унга кўра, 18 октябрь куни ушбу талаба Зулфия номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Юлдашевнинг хонасига кирган ва у шу ерда ҳужумга учраган.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент давлат педагогика университети талабасини зўрлашга қаратилган хатти-ҳаракатлар амалга оширилгани ҳақидаги хабар Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилмоқда ва натижалари маълум қилинади.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов декан ўринбосари Боғабек Юлдашевга нисбатан 19 октябрь куни ЖКнинг 118- (номусга тегиш) ва 105- (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани, у 23 октябрь куни қўлга олингани ҳақида маълум қилди.

Top