Ўзбекистон | 14:34 / 29.10.2021
12148
4 дақиқада ўқилади

«Уч йилда тупроқ йўллар, тўрт йилда таъмирталаб йўллар қолмайди» – Автомобиль йўллари қўмитаси раиси

Тупроқ йўлларни умуман йўқотиш бўйича дастур тузилган.

Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев Олий Мажлис Сенатининг 20–21 октябрь кунлари бўлиб ўтган XX ялпи мажлисидаги чиқишида яқин 3 йил ичида Ўзбекистондаги барча тупроқ йўллар асфальтланиши, 4 йилдан сўнг эса таъмирталаб йўллар қолмаслигини маълум қилди.

«Йўлларимизни яхши ҳолатда ушлаб туриш учун президентимиз топшириғи асосида катта дастур тузилган. 2016 йилнинг 1 январи ҳолатига хўжалик йўллари билан ҳисоблаганда 121 минг км йўл ўта ёмон аҳволда эди. Давлат раҳбарининг назорати билан соҳага ажратилаётган маблағлар эвазига 5 йил давомида 56 700 км йўл таъмирланди. Ҳозирги кунда республикамиздаги 64 минг км атрофидаги йўл таъмирталаб, шундан умумий фойдаланишдаги йўллар 5100 км, қолгани ички хўжалик йўллари ҳисобланади.

Айни пайтда 29 минг километрлик тупроқ йўл ҳам бор. 2021 йилнинг 1 январ ҳолатига 31 417 км тупроқ йўл бор эди. Президентимиз керакли маблағлар ажратилишига ёрдам берганлари учун 11 400 километрга яқин тупроқ йўл шағаллаштирилди, 5 минг километрдан ошиқ ички хўжалик йўллари асфальт қилинди. Бу ишлар ҳозирги кунда ҳам давом эттирилмоқда.

Тупроқ йўлларни умуман йўқотиш бўйича дастур туздик. Худо хоҳласа, 3 йил ичида Ўзбекистон ҳудудида тупроқ йўллар бўлмайди. Тупроқ йўллар нафақат бизда, балки бошқа давлатларда ҳам бор. Ҳатто АҚШда ҳам 400 минг километрдан зиёд тупроқ йўл бор. Шунга қарамай, президентимиз бундай йўллар бўлмасин, одамлар юришга қийналяпти деб айтдилар.

3 йил давомида 2 йил 9 минг километрдан, 1 йил 10 минг км, жами 29 минг км масофадаги тупроқ йўлларни тўлиқ асфальтлаштирамиз. Қолган йўлларнинг ҳаммасини – ички хўжалик йўлларини, умумий фойдаланишдаги йўлларни 4 йил давомида тўлиқ таъмирлаб бўламиз», дея Абдураҳмон Абдувалиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўмита раиси 1991 йилдан 2007 йилгача автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлашга умуман пул ажратилмаганини таъкидлади. Мансабдор бунинг сабабини «айрим сабабларга кўра» деб изоҳлаш билан чекланган.

«Йиллар давомида етарлича маблағ ажратилмагани учун йўлларимизнинг ҳолати ҳозирги аҳволга келиб қолган. Республикада 209 минг км йўл бор. Шундан 42 254 километри бизга қарайди, қолгани ички хўжалик йўллари ҳисобланади ёки бошқа вазирлик-идоралар тасарруфидадир. Ички хўжалик йўлларини таъмирлашга шу пайтгача ҳеч қачон етарли маблағ ажратилмаган.

Норматив бўйича ҳар йили энг камида 22 минг километрлик қисми таъмирланиши керак. Мустақилликка эришганимиздан кейин айрим сабаблар билан 2007 йилгача автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлашга умуман пул ажратилмаган.

Бугунги кунда йўлларни таъмирлаш бўйича керакли тезликка чиқиб олдик. Шу тезликда давом этсак, 3 йил ичида мамлакатимизда тупроқ йўллар қолмайди, 4 йил давомида барча йўлларни таъмирлаб бўламиз. Шундан сўнг белгиланган график асосида йўлларни таъмирлаб бораверамиз», деган Абдувалиев.

Мавзуга доир:

Мавзуга оид