Ўзбекистон | 15:34 / 30.10.2021
5395
2 дақиқада ўқилади

Шахсга доир маълумотларга оид талабларни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

"Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун президент томонидан имзоланди.

Адлия вазирлиги хабарига кўра, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритилди. 

Унга кўра, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан интернетда фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётганда Ўзбекистонда жойлашган техник воситаларда ҳамда шахсга доир маълумотлар базаларида шахсга доир маълумотларни йиғишга, тизимлаштиришга ва сақлашга оид талабларга риоя этмаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари (1 млн 890 минг сўм), мансабдор шахсларга эса 50 баравари (13 млн 500 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, ушбу қилмиш маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг бир йил давомида такроран содир этилган тақдирда қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилади:

базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача (40 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима; 
3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш; 
2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

Ушбу ўзгартиришлар қонун кучга кирган кундан эътиборан 3 ой ўтгач амалга киритилади.

Мавзуга оид