
Охирги жиддий ҳолат Ургут туманида содир бўлди. Она ва унинг 11 ва 5 ёшли болалари таппи билан кўмир кукуни аралашмасидан тайёрланган тезак ёқиб, ис газидан заҳарланиб нобуд бўлишган.
Бир оиладан бир кечанинг ўзида учта ўлик чиққан, бир авлод барбод бўлган.
Ис гази шундай балоки, соппа-соғ одам бир туки тўкилмай жасадга айланади.
Баъзан бутун оилалар, тўда-тўда одамлар тарашадек қотиб қолади.
Ўша онда жон бермаган одам узоқ вақтга соғлигини йўқотади, ҳатто бир неча ҳафта ўтгандан кейин ҳам ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Ўлмай қолганлар ҳам жиддий асаб бузилишларига дучор бўладилар.
Мисолларни ёдга олишнинг ўзи бир даҳшат:
- 2021 йил 20 феврал. Хоразм вилоятининг Шовот туманида бир оила ис газидан заҳарланди: уч киши вафот этган, улардан икки нафари болалар бўлган.
- 2021 йил 6 март. Тўрткўл туманида яшаган ота ва унинг уч фарзанди, шунингдек уларнинг уйига меҳмонга келган бир фуқаро хонадондаги иситиш печидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этди.
- 2021 йил 27 февраль. Юнусобод туманидаги хонадонда ижара асосида яшаган беш талабанинг мурдаси топилган. Илк расмий маълумотларда йигитлар “номаълум моддадан ўткир заҳарланиш” оқибатида вафот этгани таъкидланган. Кейинчалик бу ҳолатга ҳам сабаб ис гази экани маълум бўлди
















