26 октябрь куни London & Partners нотижорат ташкилоти ва Dealroom.co компанияси томонидан эълон қилинган янги ҳисоботга кўра, Буюк Британия пойтахтидаги иқлим технологиялари соҳаси стартаплари жами қиймати бир йил ичида деярли уч баробар ошди ва 28 млрд долларга етди. Бу кўрсаткич маҳаллий иқлим стартаплари экотизими 941 млрд доллар бўлган Сан-Франциско кўрфази ҳудидидангина ортдадир.
Лондонда иқлим стартапларининг кўпайиши
Бутун дунёда иқлим технологияларининг жадал ривожланиши транспорт ва энергетика соҳасидаги ечимларга катта сармоя киритилиши билан боғлиқ. 2021 йилда иқлим технологияларига йўналтирилган жами инвестицияларнинг 78 фоизи айнан улар улушига тўғри келди. Лондонда ҳам худди шу ҳолат кузатилмоқда. У ерда иқлим технологияларидаги венчур инвестицияларнинг 60 фоизи энергетика соҳасидаги компанияларга йўналтирилмоқда.

Қолган 40 фоиз инвестициялар дастурий таъминот, ёпиқ цикл иқтисодиёти ва озиқ-овқат соҳасидаги стартапларга йўналтирилди. Ҳисоботда ёзилишича, ушбу соҳалар инвестицияларнинг тобора катта улушини жалб қилмоқда. Шаҳар фермалари етказиб берувчиси Crate to Plate, иқлим хавфи платформаси Cerves ва ёпиқ цикл иқтисодиёти Circulor мисол тариқасида келтирилган.
Сўнгги йил ичида экотизим қиймати иккита муваффақиятли экзит сабабли кескин ўсди. Булар – чиқиндилари нолга тенг бўлган жамоат транспорти ишлаб чиқарувчи Arrival ҳамда фойдаланилган буюмларни харид қилиш учун мўлжалланган илова Depop’дир. Сентябрь ойида Octopus Energy тикланувчи энергия манбалари бўйича гуруҳ Generation Investment билан 600 миллион долларга келишув имзолади. Бу эса унинг баҳосини сезиларли даражада оширди.
Лондонда истиқболга эга бир неча стартап мавжуд. Ҳисоботга кўра, Newcleo (ядро бўлиниши технологияси), Olio (озиқ-овқат чиқиндиларини қайта ишлаш), Bulb (энергия билан таъминлаш), ), Zenobe (аккумуляторлар), Bbox (plug-and-play модели бўйича қуёш тизимлари), шунингдек, Highview (энергияни сақлаш) шулар жумласидан.
Ҳисоботда ёзилишича, Лондонда иқлим технологиялари билан шуғулланадиган жами 416та компания бўлиб, улар шаҳарни Европадаги йирик кластерга айлантиради.














