Қорақалпоғистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси мутахассислари ҳамда Исроилнинг DeserTech and Climate Innovation Center маркази вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда Қорақалпоғистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Лейла Сеитова, Қорақалпоқ давлат университети ректори Бердияр Жоллибеков, марказ директори Сиван Шахари ҳамда Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.

Учрашув чоғида томонлар экология, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, илмий тадқиқотлар, инновацион технологияларни жорий этиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш соҳаларида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Исроиллик мутахассислар марказ фаолияти ҳамда мамлакатнинг иқлим ўзгариши, сув ресурслари танқислиги ва чўлланишдан жабр кўраётган ҳудудлар учун ишлаб чиқилаётган инновацион технологиялари ҳақида маълумот берди. Улар қурғоқчил шароитларда сувдан самарали фойдаланиш, экологик муаммоларга технологик ечимлар топиш ва барқарор ривожланишга қаратилган лойиҳалар тажрибасини тақдим этди.

Қорақалпоғистон вакиллари эса Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, илмий салоҳиятни ошириш ҳамда замонавий экологик технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдириб, экологик инновациялар ва иқлимга мослашув соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини имзолашга келишиб олди.