15 сентябрь куни Hilol-nashr нашриёт уйида muslimaat.uz сайти ҳамда Бинту Содиқ ахборот-маърифий каналининг “Сарҳисоб ─ 1440” ҳисобот тадбири бўлиб ўтди. Унда аёллар учун диний-маърифий маълумотлар бериб боришни мақсад қилган мазкур интернет ресурсларнинг ҳижрий 1440 (милодий 2018 йил сентябрь ─ 2019 йил сентябрь) йилда амалга оширган ишлари хусусида маълумотлар тақдим этилди.

www.muslimaat.uz ҳақида

Фото: muslimaat.uz

Виртуал тармоқда исломий билимларни тарқатиш мақсадида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бошчилигида 2004 йилда муқаддас Ислом дини ҳақида ўзбек тилидаги илк электрон ресурс ─ www.islom.uz веб-сайти ишга туширилган эди. Фойдаланувчилари сони ортиб, қамрови кенгайиб боргани сари мазкур веб-сайтнинг ҳар бир бўлими алоҳида сайт тарзида ишга туширилди, quran.uz, fiqh.uz, siyrat.uz каби сайтларни бирлаштирувчи порталга айланди.

www.muslimaat.uz сайти ҳам дастлаб www.islom.uz порталининг аёл-қизларга оид маълумотлар учун мўлжалланган бўлими сифатида иш бошлаган. Мақолалар сони ва қамрови ортиб борганлиги боис 2007 йилда алоҳида сайт сифатида рўйхатдан ўтди. Шундан буён мазкур сайтга марҳум Шайх Муҳаммад Содиқнинг фарзандлари Одинахон Муҳаммад Содиқ бошчилик қилиб келмоқда. Мазкур сайт аёл-қизларнинг ҳаёти учун керакли бўлган барча соҳаларни қамраб олган маърифий интернет ресурс ҳисобланиб, унда аёллар муаммоларини мутахассислар иштирокида ҳал қилишга кўмаклашиш мақсадида психолог маслаҳати, педагог маслаҳати, шифокор маслаҳати, ҳуқуқшунос маслаҳати, балоғат бекати каби интерактив хизматлар йўлга қўйилган. Аёлларнинг диний-шаръий мавзудаги саволларига “Динда саволим бор” бўлими орқали шахсан Одинахон Муҳаммад Содиқ жавоб бериб келмоқда. Веб-сайтнинг “Ҳазратим” бўлимида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган марсия ва эътирофлар, “Ислом дини нима?” бўлимида бошланғич диний сабоқлар, “Аёллар фиҳқи” бўлимида аёлларга оид ҳуқуқий масалалар, “Руҳий тарбия” бўлимида Атоуллоҳ Сакандарийнинг ҳикматлари ва уларга шарҳлар Одинахон Муҳаммад Содиқ таржималарида бериб борилади.

Шунингдек, сайт қошида муслималар учун форум (forum.muslimaat.uz) ташкил қилинган бўлиб, унда аёл-қизлар диний-шаърий ва аёллар ҳаёти учун аҳамиятли бўлган мавзуларда фикр алмашадилар.