UzAuto Motors компанияси Chevrolet Onix автомобили 2022 йил охирида тўлиқ циклда ишлаб чиқарила бошланиши, 2023 йил бошида сотувга чиқишини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Хўш, янги моделдаги бу авто бошқаларидан ўзининг қай жиҳатлари билан ажралиб туради? Chevrolet Onix илк бор ишлаб чиқарилган Бразилияда унинг савдоси қандай бўляпти? Қуйида шулар ва автомобилнинг яратилиш тарихи ҳақида сўз боради.

Ўзбекистонда Chevrolet Onix ҳақидаги илк хабарлар 2016 йилда пайдо бўлганди. Ўшанда Бразилияда General Motors компанияси томонидан ушбу мамлакатда ишлаб чиқарилаётган Chevrolet Onix ҳэтчбеки ва Chevrolet Prisma седанининг янгиланган моделлари тақдимоти ўтказилгани ҳақида хабарлар берилганди.

Фото: Kun.uz

Ўша пайтда бир кун келиб ушбу автомобиллар Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилиши ҳақида ҳали ҳеч қандай гап йўқ эди. 2019 йилга келибгина бизда ҳам Chevrolet Onix автомобили ишлаб чиқарилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқала бошлайди. Ижтимоий тармоқларда 2019 йил 24 сентябрь куни Интеллектуал мулк агентлигига Chevrolet Onix савдо белгисини рўйхатга олиш тўғрисида General Motors LLC US’дан мурожаат келиб тушгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Шундан сўнг ўзбекистонликлар Chevrolet Onix русумли автомобилларга қизиқа бошлашди.

Chevrolet Onix

Chevrolet Onix АҚШнинг дунёга машҳур General Motors автомобилсозлик компанияси бренди ҳисобланади. Б синфига (шаҳарда юришга мослашган ўртача катталикдаги автомобиллар туркуми шундай аталади) мансуб ушбу автомобил илк марта General Motors’нинг Бразилия бўлими конструкторлари томонидан яратилган.

Сўнг, 2012 йилдан бошлаб (седан 2013 йилдан бошлаб) General Motors’нинг Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Сул штатидаги Граватаи шаҳрида жойлашган заводида ишлаб чиқарила бошланган.