Ўзбекистон | 07:53 / 06.11.2021
3798
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» Лондон фонд биржасида еврооблигациялар чиқаради

Фото: forex

Вазирлар Маҳкамасининг “Нефть ва газ тармоғи трансформациясини амалга оширишда ташқи молиялаштириш манбаларини диверсификация қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Давлат кафолати иштирокисиз хорижий инвестицияларни жалб қилиш, "Ўзбекнефтгаз"ни молиявий соғломлаштириш мақсадида 2021 йил ноябрь ойида Лондон фонд биржасида 700 миллион АҚШ доллари миқдоригача "Ўзбекнефтгаз" еврооблигацияларини чиқариш ва жойлаштириш ташкиллаштирилади.

Молия вазирлиги ва "Ўзбекнефтгаз"нинг халқаро облигацияларни чиқариш ва жойлаштиришдан тушган маблағларни "Ўзбекнефтгаз" ғазначилик ҳисобрақамига ўтказиш ҳамда уларни Молия вазирлиги билан келишган ҳолда ишлатиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

"Ўзбекнефтгаз" халқаро облигацияларни чиқаришда барча қабул қилинган молиявий шартларни ўз муддатида бажариши, шунингдек маблағларни сарфлаш йўналишларини ёритиб бериши шарт.

"Ўзбекнефтгаз"га, истисно тариқасида, халқаро облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш доирасида тўғридан-тўғри музокаралар асосида ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази"дан экспертизадан ва рўйхатдан ўтказмасдан қуйидаги компаниялар билан шартномаларни ва уларга қўшимча келишувларни имзолашга рухсат берилди:

  • "Ernst & Young" халқаро аудиторлик ташкилоти билан "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг 2021 йил молиявий ҳисоботларини ташқи аудитдан ўтказиш ва аудиторлик ташкилотнинг комфорт хатини бериш хизматларини бажариш бўйича;
  • ташкилотчи компаниялар ёки уларнинг аффилланган шахслари билан хизматлар кўрсатиш бўйича;
  • ишончли вакил - BNY Mellon Corporate Trustee Services Limited, тўлов агенти - The Bank of New York Mellon (Лондон филиали), листинг ва рўйхатга олувчи агент - The Bank of New York Mellon SA/NV (Дублин филиали) компаниялари билан тегишли процессуал хизматлар кўрсатиш бўйича;
  • Лондон фонд биржаси билан халқаро облигацияларни жойлаштириш бўйича.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид