“Тўрт нафар ўғлим бор эди, тўнғичим Самирбек бу йил 33 ёшга тўлганди. Рамазон ойида 26 апрель – душанба куни эрталаб биз билан хайрлашиб, ишига жўнаб кетганди. Соат 10:00 ва 11:00 оралиғида ўғлим Сарварбек қўнғироқ қилиб Тошкент шаҳар ИИББ рўпарасидаги клиникага етиб келинг деди. Сабабини айтмади, аммо овозидан нимадандир қаттиқ ҳаяжонда эканини сездим. Ўша пайтда кўчада иш билан юргандим, зудлик билан айтилган жойга етиб бордим.

Бориб не кўз билан кўрайки, уйдан соппа-соғ ҳолатда чиқиб кетган Самирбек жони узилган ҳолатда ётарди. Бу биз учун жуда оғир мусибат бўлди. Ўша куни жасадини топширишди. Олиб келиб дафн этдик. Ўғлимни Аллоҳ раҳмат қилсин.

Марҳум Самир Раҳмонов / Фото: Kun.uz

Самирбекдан 4 нафар норасида фарзанд етим қолди. Энг каттаси 13 яшар, кейингиси 11 яшар, эгизаклар Фотима ва Ҳусайн куни кеча 9 ойлик бўлишди. Маърака-маросимларини ўтказдик. Ўша пайтда бошқа нарса ҳақида ўйлайдиган аҳволда эмасдик. Бош прокуратура боқувчисини йўқотган невараларимнинг келажагини ўйлаб қонунларда белгиланган нафақаларни тўласа керак деб кутдим, бироқ бу бўйича ҳеч қандай ташаббус бўлмади. Фақат охирги ойлигини келтириб беришди, Бош прокуратура ва касаба уюшмасидан 5-6 млн сўм миқдорида ёрдам қилишди, албатта. Аммо бу Меҳнат кодексида ёки прокуратура тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасидаги ёрдам ва нафақалар эмасди”, дея Аъзамжон Раҳмоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Марҳумнинг отаси ўғлининг вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолгани сабабли қонун ҳужжатларида белгиланган товон пули берилишини сўраб даставвал бош прокурор номига хат билан мурожаат қилганини, бироқ илтимоси бўйича рад жавобини олганини таъкидлайди. Сўнгра судга даъво аризаси киритади.

Аъзам Раҳмонов / Фото: Kun.uz

“Бош прокуратуранинг жавобидан кейин анчагача ўйлаб юрдим. Чунки ушбу идорага судларнинг “тиши” ўтмаслигини билардим, лекин шундай бўлса ҳам 4 нафар норасида боланинг ҳақи учун уларга қонуний нафақалар тўлаб берилишини сўраб фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига мурожаат этишга қарор қилдим.

Суднинг қарори “кутганимдек” бўлди. Яъни даъвом рад қилинди. Бу жавобгар томон – Бош прокуратуранинг, балки тазйиғи остида юз берган бўлиши мумкин. Шундан сўнг фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига ФИБ Миробод туманлараро судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция беришга мажбур бўлдим. 12 ноябрь куни соат 14:00 шикоятим апелляция тартибида кўриб чиқилди. Лекин ҳанузгача Бош прокуратура алоқага чиқиб, судгача бу масалага ечим топиш бўйича жиддий ҳаракатлар бўлгани йўқ”