Саккизинчи ноябрь тонгида Польша мудофаа вазирлиги ҳаводан туриб олинган видеоёзувни эълон қилди: бу кадрларда "Кузница"да (чегаранинг Польша томонидаги КПП) юзлаб одамлар тўпланганини кўриш мумкин. Польша мудофаа вазири Мариуш Блашчакнинг хабар қилишича, чегарадаги 12 мингдан ортиқ ҳарбий жанговар ҳолатга келтирилган.
"Биз Польша чегараларини ҳимоя қилишга шаймиз", - деб ёзди у Твиттердаги саҳифасида. Хабарларга кўра, Литва ҳам ўз ҳарбийларини Польша чегаралари томон жўнатган.

Польша ҳукумати чегарадаги вазият туфайли шошилинч йиғилиш чақирган.
Олдинроқ ижтимоий тармоқларда мигрантлар гуруҳи (ёки Беларусь ҳукумати таъбири билан айтганда "туристлар") ўз юкларини орқалаган ҳолда, формадаги кишилар ҳамроҳлигида Польша чегараси томон ҳаракатланаётгани акс этган видео тарқалганди. Мигрантлар чегарадан узоқ бўлмаган ҳудудда, ўрмон ичида юкларини тушириб, чодирлар тикишган.
8 ноябрь куни кундузи мигрантлар ходалар билан чегарадаги симтўсиқларни бузишга ҳаракат қилишди. Польшалик чегарачилар уларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.

Минск Варшавани мигрантларга шафқатсиз муносабатда бўлишда айблаб келади, ҳозир ҳам шундай айблов такрорланмоқда. Беларусь чегара қўмитаси "Польша расмийларининг бефарқлиги ғайриинсоний муносабати қочқинларни иложсизликдан шундай қадам ташлашга мажбур қилгани" ҳақида баёнот берди.
"Беларусь томони халқаро алоқа каналлари узлуксиз ишлаши, шунингдек, автомагистрал бўйлаб ҳаракатланаётган одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўрмоқда", - дейилади муассаса хабарида.
Варшава эса Минскни провокацияга уринишда айблайди. Евроиттифоқ давлати расмийларининг фикрича, Беларусь Яқин Шарқдан қочқинларни қабул қилиб, уларни Литва ва Польшага юбориш орқали гибрид уруш олиб бормоқда. Александр Лукашенко кўп марта бундай айбловга муносабат билдирган, санкциялар туфайли Минскда мигрантлар муаммосини ҳал қилиш учун пул йўқлигини айтган.









