Ўзбекистон | 18:49 / 09.11.2021
7093
2 дақиқада ўқилади

Меҳнат муҳожирлари Россия патенти учун тиббий кўрикдан Ўзбекистонда ўтишлари мумкин — ТММА

Россияда ишлашни режалаштирган меҳнат муҳожирлари патент ва меҳнат шартномасидан бошқа аксар ҳужжатларни Ўзбекистонда расмийлаштиришлари мумкин.

Қурилиш соҳасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун 10 минг ўзбекистонлик мутахассисни Россия Федерациясига ташкилий тарзда ишга жўнатиш лойиҳаси доирасида уларни Ўзбекистон ҳудудида тиббий кўрикдан ўтказиш ташкил этилади.

Шу мақсадда, россиялик 40 нафар тиббиёт ходими зарурий тиббий анжомлар ва асбоб-ускуналар билан Ўзбекистонга етиб келган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Хайрулла Умаров маълум қилди.

“Ушбу лойиҳа доирасида номзодларни ишга жалб қилиш билан боғлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, патент расмийлаштириш ва транспорт харажатларини қоплаш Россия иш берувчилари томонидан қопланиши назарда тутилмоқда”, – деди Хайрулла Умаров.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил сентябрь ойида РФ Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги, қатор давлат ташкилотлари ва йирик иш берувчи корхоналар вакилларидан иборат делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган музокаралар ўтказилиб, қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ўзбекистонлик ўн минг фуқарони соддалаштирилган тартиб асосида Россияга ишга жалб қилишга келишилган эди.

Мавзуга оид