Коллеж ва техникумларда тест синовлари кунлари ва энг кўп ҳужжат топширилган йўналишлар маълум қилинди
Коллеж ва техникумларга кириш учун тест синовлари 12 ноябрдан бошланиб 17 ноябрга қадар давом этади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Сардор Усмонов маълум қилди.
Сардор Усмоновга кўра, коллеж-техникумларда имтиҳонлар 2 сменада ташкил қилинади. Тест синовлари 1-сменада 09:00 дан 12:00 га қадар ҳамда 2-сменада 14:30 дан 17:30 га қадар бўлиб ўтади. Тест синовлари касб ва мутахассисликка мос 2 та фан ва барча тест топширувчилар учун мажбурий 3 та фан (она тили, математика ва тарих)дан ўтказилади.
“Талабгорларга мутахассислик фанларидан 20 тадан, мажбурий фанлардан эса 10 тадан жами 70 та тест топшириғини ишлаш учун 3 соат вақт ажратилади. Максимал балл – 189 балл бўлиб, мутахассислик фанлари бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун 3,15 баллдан (жами 126 балл), мажбурий фанлар бўйича эса 2,1 баллдан (жами 63 балл) берилади.
Абитуриентлар рухсатномаларини Давлат тест марказининг ruxsatnoma.dtm.uz сайтидан юклаб олишлари мумкин” деди Сардор Усмонов.
Тест синовлари 152 та ёпиқ биноларда ўтказилиши режалаштирилган ва ушбу жараёнларга олий таълим муассасаларининг 2 минг нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилари ва ходимлари гуруҳ назоратчилари сифатида жалб қилинади.
Маълумот учун: республикадаги коллеж ва техникумларга абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни 2021 йилнинг 30 сентябрига қадар давом этган эди. 162 та коллежларга 95 минг 525 нафар ўқувчи ҳужжат топширган ва шундан 71 минг 964 нафар ўқувчи қабул қилишга квота берилган. Мавжуд 213 та техникумларга 166 минг 910 нафар абитуриентлар рўйхатдан ўтган ва уларнинг 109 минг 554 нафарини қабул қилишга квота ажратилган.
Ҳар икки таълим муассасасида ҳам энг кўп ҳужжат топширган абитуриентлар сони соғлиқни сақлаш соҳасида кузатилган. Жумладан, коллежларнинг соғлиқни сақлаш соҳаси йўналишига 42 минг 942 та ҳужжат қабул қилинган бўлса, техникумларда ҳам бу кўрсаткич энг кўп улуш - 101 минг 114 тани ташкил этмоқда.
Коллеж-техникумларнинг соғлиқни сақлаш соҳасида йўналишида абитуриентлар сони юқорилиги 2020 йилда ҳам кузатилган эди.
2020 йилда ҳам бу имтиҳонлар 20 ноябрда бошланиб, 30 ноябрга қадар давом этган эди.
Мавзуга оид
14:30 / 22.07.2024
Академик лицейларга кириш тест синовлари бўлиб ўтадиган саналар эълон қилинди
22:16 / 01.05.2024
Тошкентда малака тест синовлари қандай ўтяпти? – репортаж
13:15 / 26.09.2023
Коллеж, техникумларга ОТМ кириш имтиҳонларида тўплаган балл билан қабул қилиниш мумкин. Муаммо нимада?
13:21 / 08.08.2022