2021 йил давомида иккинчи бор интернетда Россия ўз қўшинларини Украина билан чегаралар томонга силжитаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Баҳорда кузатилган ҳарбий кескинликдан кейин ёзда жимжитлик ҳукм сурди, аммо октябрь ойининг сўнгги кунларида Ғарбнинг қатор нуфузли нашрларида чегара ҳудудларида ҳарбий фаоллашув бошлангани ҳақида хавотирли хабарлар янгради. Украина мудофаа вазирлиги ҳозирча бундай хавотирларга қўшилгани йўқ ва «Украина чегаралари яқинида россиялик ҳарбийларнинг зарбдор гуруҳлари» жойлашгани қайд этилмагани маълум қилинган. Аслида ҳам Украина шарқида фаол ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетишининг қандайдир аломатлари борми?

Дастлаб Washington Post нашрида россиялик ҳарбий қисмлар украин чегаралари томон силжиётгани борасида хавотирлар баён этилди, Politico нашри эса Смоленскда ҳарбий техникалар тўплангани акс этган сунъий йўлдош тасвирларини тақдим этди (бу Россиядаги давлат нашрларида истеҳзоли фикрлар билдирилишига дастак бўлди - шаҳар Украина чегарасидан кўра Беларусь чегарасига яқин жойлашган).

Satellite image ©2021 Maxar Technologies / AFP / Scanpix / LETA

Ижтимоий тармоқларда яна Белгород областидан ўтаётган ҳарбий юк машиналари колоннаси Украина йўналишида кетаётгани, шунингдек, «Бук» қурилмалари ўрнатилган эшелонлар Смоленск области йўналишида ҳаракатланаётгани айтилган роликлар тарқалди. Қатор россиялик сиёсатчиларнинг Россия-Украина зиддиятини сиёсий йўл билан ҳал қилиб бўлмаслиги ҳақидаги баёнотлари оловга мой сепди.

Satellite image ©2021 Maxar Technologies / AFP / Scanpix / LETA

Лекин бу сафар Украина мудофаа вазирлиги хотиржамлик сақламоқда: 1 ноябрь куни вазирлик разведка бошқармаси маълумотига асосланган ҳолда ўз чегараси яқинида Россия томонидан ҳеч қандай ҳарбий тайёргарлик кузатилмаётганини маълум қилди.

Украина қуролли кучлари Бирлашган кучлари қўмондони, генерал-лейтенант Сергей Наев ҳам BBC News Украина учун берган интервьюсида мамлакат чегаралари яқинида рус қўшинларининг зарбдор гуруҳи борлиги ҳақида маълумот йўқлигини айтиб ўтган.

Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа Кенгаши котиби Алексей Данилов ҳам Америка нашрларидаги маълумотларга қўшилмайди, у 2 ноябрь кунги интервьюсида шундай деган: «Эртага нима бўлишини билмаймиз, лекин бугунги кунда улар ёзганидек, чегарада қўшинлар тўпланмаган».