Польша ҳукумати матбуот хизмати бошлиғи Пётр Мюллер сешанба куни журналистлар билан суҳбатда мамлакат расмийлари «қуролли характерга эга эскалация юзага келиши»ни истисно этмаётганини маълум қилди. «Беларусь жиддий ҳодиса қўзғамоқчи, улар отишма ва қурбонлар бўлишига интилмоқда», деганди аввалроқ Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Пётр Вавжик.

Бош вазир Путинни айблади
Сешанба куни парламентда чиқиш қилган Польша бош вазири Матеуш Моравецкий бу инқироз - сўнгги 30 йилликда Польша давлати чегаралари ва барқарорлигига қилинган энг жиддий ҳужум эканини айтиб, бунда Россияни айблади.

Польшадаги ПАП агентлиги хабар беришича, Моравецкий Беларусь раҳбари Александр Лукашенкони империалистик сиёсат олиб бораётган Россия президенти Владимир Путин берган вазифаларни ижро этувчи деб ҳисоблашини айтган.

Россия томони Беларуснинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдириб, юзага келган вазиятда мигрантларни қабул қилишни истамаётган Ғарбни айблаган. Россия ва Беларусь иттифоқи давлат котиби, Путин Санкт-Петербург мэри бўлганида ҳам у билан бирга ишлаган Дмитрий Мезенцев Минск сешанба куни «Беларусь ва Евроиттифоқ чегарасида рўй бераётган сўнгги воқеаларга хотиржамлик ва профессионаллик билан жавоб қайтараётгани»ни айтди.

Россиянинг БМТ қошидаги расмий вакили Василий Небензя Хавфсизлик Кенгаши йиғилиши вақтида рўй бераётган ҳодисаларни 2015 йилдаги миграция инқирози билан қиёслади, ўшанда Европага 1,3 млн қочқин (асосан Суриядан) келганди. «Ўшанда Евроиттифоқнинг бошқа мамлакатлари чегараларида ҳам ҳозирги каби ҳолат юзага келганида сиз бошқача гапиргандингиз. Энди эса санкциялар билан қўрқитмоқдасиз. Кимга? Нима учун? Сизга, Евроиттифоқ ҳудудига ўтмоқчи бўлганларни ўзида қабул қилишни истамаётгани учунми?» дея Небензянинг сўзларини келтиради ТАСС.

Чегарада нималар бўлмоқда?
Польша миллий хавфсизлик департаменти раҳбари Станислав Зарин сешанба куни Польша расмийлари сўнгги ойлар давомида айтиб келган гапларни такрорлади: чегарадаги мигрантлар ҳаракати Беларусь қуролли тузилмалари томонидан бошқарилмоқда.

Польша телевидениеси ҳам чегарадаги мигрантлар ўргатилган итлар етаклаган ҳарбийлар томонидан қўриқланаётгани ҳақида лавҳалар намойиш этди; ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ҳам чегара томон ҳаракатланган қочқинлар атрофида қуролланган кишилар бораётганини кўриш мумкин.