Спорт | 18:51 / 12.11.2021
11574
2 дақиқада ўқилади

Абдусалом Азизов Ўзбекистон миллий жамоаси билан учрашди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Президенти Абдусалом Азизов Грузияга қарши баҳс олдидан миллий жамоа аъзолари билан учрашди, дея хабар бермоқда ЎФА матбуот хизмати. 

Фото: ЎФА

Футболимиз раҳбари миллий жамоа олдида турган кейинги мусобақалар масъулияти, уларга тизимли тайёргарлик кўриш, ҳар бир ўйинда сидқидилдан ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида фикр билдирди.

Миллий жамоада ўйнаш ҳар бир футболчи учун фахр эканлиги, жамоа бирдам бўлиб, Ватан шарафи учун курашиши ва юрт обрўсини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилиш кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, футболчи ва мураббийлар билан ўтган суҳбатда ижобий натижаларга эришиш учун ЎФА томонидан барча зарур шароитлар тақдим этилиши маълум қилинди. Ўз ўрнида жамоамизнинг бир қатор етакчи футболчилари ўз фикрларини билдириб ўтишди. Абдусалом Абдумавлонович бўлажак учрашувларда жамоамизга омад тилади.

ЎФА раҳбари мураббийлар штаби билан суҳбатда тайёргарлик жараёнида кучли жамоаларга қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказиш муҳимлигини эътироф этди. Сречко Катанец миллий жамоамиз билан ишлашдаги дастлабки таассуротлари ва фикр-мулоҳазаларини билдирди. Клублардаги мунтазам машғулотларда футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги айтилиб, бу борада жамоаларга керакли кўрсатмалар берилишига қарор қилинди.

Фото: ЎФА

«Тиббий штаб томонидан жароҳат олган футболчилар борасида маълумотлар эшиттирилди ва ЎФА президенти уларга энг замонавий, юқори даражадаги тиббий ёрдам кўрсатиш амалиётини давом эттиришга кўрсатма берди», - дейилади ЎФА хабарида.

Шундан сўнг Ўзбекистон миллий жамоаси Грузияга қарши баҳсда иштирок этиш учун Тбилисига жўнаб кетди.

Эслатиб ўтамиз, Грузия - Ўзбекистон учрашуви 15 ноябрь куни Грузиянинг Гори стадионида ўтади. Баҳс соат 19:00да бошланади.

Мавзуга оид