Ўзбекистон | 10:39 / 17.11.2021
2734
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси ЕИнинг юқори мартабали мулозимлари билан музокаралар ўтказди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Айни вақтда Брюсселда бўлиб турган Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегация «Ўзбекистон Республикаси – Европа Иттифоқи» Ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида Евроиттифоқнинг бир қанча юқори мартабали мулозимлари билан учрашувлар ўтказди.

Дастлаб, 15 ноябрь куни Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен билан учрашув ўтказди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Шу куни Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ЕИнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Томас Никлассон билан музокаралар ўтказди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ЕИнинг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, шунингдек, мамлакатга тез фурсатда инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама қилинди.

Учрашувдан сўнг Исматулла Эргашев НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳида Афғонистондаги вазиятга бағишланган брифингда қатнашиб, Афғонистон Ўзбекистон учун қўшни биродар мамлакат эканлигини, икки давлатни кўп асрлик дўстлик ришталари, муштарак тарих, дин, урф-одат ва анъаналар боғлаб туришини алоҳида таъкидлади.

Эргашев Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган дўстона сиёсат олиб бораётганини қайд этди.

16 ноябрь куни ташрифнинг асосий тадбири - «Ўзбекистон Республикаси – Европа Иттифоқи» Ҳамкорлик кенгашининг 16-йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация ва ЕИ делегациясига кенгашнинг ҳамраиси сифатида қатнашган Португалия ташқи ишлар вазири Аугусто Сантуш Силва иштирокидаги тадбирда Ўзбекистон-Европа муносабатларининг бугунги ҳолати, қўшма дастурларни амалга ошириш, ҳамкорликнинг янги йўналишлари, шунингдек, бўлажак учрашувлар жадвали юзасидан фикр алмашилди. Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокараларни тезроқ якунлаш муҳимлиги қайд этилди.

«Европа Иттифоқи делегацияси Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ва унинг натижаси ўлароқ Марказий Осиёда шаклланган ўзаро англашув ва яхши қўшничилик муҳитини юксак баҳолади. Расмий Брюсселнинг «Европа Иттифоқи - Марказий Осиё» шаклида минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёрлиги маълум қилинди.

Мажлис иштирокчилари Афғонистондаги вазиятни, шунингдек, афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш масалаларини ҳам муҳокама қилди», - дейилади расмий ахборотда.

Шунингдек, 16 ноябрь куни Абдулазиз Комилов Аугусто Сантуш Силва билан алоҳида учрашув ҳам ўтказди.

Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасида тўқимачилик, фармацевтика, аграр ва сайёҳлик соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда Ўзбекистон ва Португалия Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари, Брюсселга ташриф доирасида Исматулла Эргашев Европа парламенти биносида Афғонистондаги ҳозирги вазиятга бағишланган брифингда қатнашди.

Эргашевнинг нутқида асосий эътибор Афғонистоннинг минтақа давлатлари ва дунёнинг бошқа мамлакатлари учун эҳтимолий хавф туғдирувчи қалтис давлатга айлантирилиши ҳамда халқаро террорчилар учун бошпана бўлиб қолишининг олдини олишга қаратилди.

Шунингдек, Комилов бошчилигидаги делегация ЕИнинг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен ҳамда Европа Кенгаши президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича бош маслаҳатчиси Саймон Мордю билан ҳам учрашувлар ўтказди.

Мавзуга оид