Ўзбекистон | 07:47 / 19.11.2021
27430
2 дақиқада ўқилади

Даврон Ҳидоятов охирги иш кунида ҳокимликнинг “Каптива”сини Экология бошқармасига “совға қилди”

Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими сифатидаги сўнгги қарорларидан бири ҳокимлик балансидаги “Каптива”ни вилоят экология бошқармаси балансига ўтказиш ҳақида. Бироқ бу ҳужжатга асос қилиб олинган ҳукумат қарори аллақачон ўз кучини йўқотган.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилояти ҳокимининг 2021 йил 18 ноябр куни қабул қилинган қарорида вилоят ҳокимлиги балансидаги 2015 йилда ишлаб чиқарилган “Chevrolet Captiva” русумли, давлат рақами белгиси 10 004 TVH бўлган хизмат автомашинаси давлат рақами билан бирга Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси балансига ўтказилиши назарда тутилган.

Эътиборли жиҳати, Даврон Ҳидоятов томонидан қабул қилинган қарорда асос сифатида келтирилган Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларда енгил хизмат автомашиналаридан фойдаланишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2011 йилдаги 153-сонли қарори, Ҳукуматнинг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сонли қарорига асосан, 2021 йил 1 июлдан ўз кучини йўқотган.

Ҳоким қарорини қабул қилишда вилоят ҳокимлиги юридик хизмати томонидан эътиборсизликка йўл қўйилган бўлиши мумкин. Сабаби, президентнинг 2017 йил 19 январдаги 2733-сонли қарорига асосан, давлат ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб боришга давлат ташкилотларининг юридик хизматлари масъул этиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Даврон Ҳидоятов 2021 йил 18 ноябр куни Тошкент вилояти ҳокими лавозимидан озод қилиниб, Чирчиқ шаҳрига ҳоким этиб тайинланди.

Бундан аввалроқ, Kun.uz Навоий вилоятининг собиқ ҳокими Қобул Турсунов охирги иш кунида ўз фармойиши билан 22,5 млрд сўм “тарқатгани”, бу “сахийлик” айрим саволларни юзага келтиргани ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид