Ниҳоят, миллий жамоаларнинг йил ҳисобидаги сўнгги йиғинлари якунига етди ва март ойининг охиригача биз фақат клублар футболидан баҳра оламиз. Футбол ҳафтаси сюрприз билан бошланди – «Бавария» аутсайдер «Аусбург»га имкониятни бой берди. Бугун, 20 ноябрдан эса кучли бешлик карвони давом этади – Каталонияда дерби, Италияда чемпионлик тақдирини ҳал қилиши мумкин бўлган баҳс, Англияда классик тўқнашув. Жеррард, Хави каби афсоналар футболчи сифатида порлаган лигаларда мураббийлик дебютини амалга оширадилар. Шомуродов эса Шевченко қўл остига ўтган собиқ жамоасига қарши майдонга тушиши кутилмоқда.  

АПЛ. 12-тур

20 ноябрь (шанба)

ЛЕСТЕР – ЧЕЛСИ

Ўйин бошланиш вақти: 17:30

ТВ-трансляция: FutbolTV

«Челси» ўтган турда кутилмаганда дуранг ўйнади ва таъқибчилардан ўзиб кетиш имкониятини қўлдан бой берди. Лондонликлар масъулиятли ҳафтага кириб келишмоқда – етти кунда жамоа «Лестер» ва «Манчестер Юнайтед» билан АПЛда ҳамда «Ювентус» билан Чемпионлар Лигасида майдонга тушадилар. Бу ўйинларда очко йўқотмаслик Тухель шогирдлари учун жуда муҳим.  

Фото: EPA

Дастлабки имтиҳон «Лестер» майдонида бўлиб ўтади ва айтиш мумкинки, Тухел келганидан буён «Челси»ни айнан «тулкилар» қийин аҳволга солгандилар. Ҳатто Англия кубоги финалида «Лестер» 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Тухелни илк совриндан маҳрум қилганди. Январда бўлиб ўтган АПЛ ўйинида эса «Лестер» 2:0 ҳисобида ўз майдонида устун келганди.  

Таркиб борасида ҳар икки жамоада ҳам етарлича муаммолар бор. «Челси»да Лукаку ҳали ҳам майдон ташқарисида, лекин жамоа усиз ўйнашни ўрганиб олди, аммо Ковачичнинг йўқлиги айниқса, кучли рақибга қарши билиниши мумкин. Шунингдек, Тимо Вернернинг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида турибди. Мезбонларда эса вазият янада оғирроқ. Ҳимоя етакчиси Фоффана ва айниқса, Юри Телеманснинг жароҳати «Лестер»нинг навбатдаги ўйинларида муаммо туғдириши шубҳасиз. Лекин яхши хабарлардан бири, Жеймс Жастин тикланиб, машғулотларга киришди. Аммо ушбу ўйинда қай даражада тайёр бўлиши ҳали маълум эмас.  

АПЛ. 12-тур

20 ноябрь (шанба)